“Иваново маҳбуслари” экстрадиция қилинади...ми?

Андижон воқеалари юз бергач, ўша воқеаларга алоқадорликда айбланиб Россиянинг Иванова шаҳрида 2005 йил 18 июнда қўлга олинган 13 киши иши юзасидан машмашалар ҳали ҳам давом этмоқда.
Уларнинг 12 нафари Ўзбекистон, бири эса Қирғизистон фуқаросидир.

2006 йил мартда Россиядаги етакчи ноҳукумат ташкилотлар вакиллари БМТнинг қочқинлар идораси раҳбари Антоний Гутерришга бу фуқароларни қочқин сифатида тан олиш зарурлиги ҳақида мурожаат юборган эди.

Орадан бир неча ой ўтиб, яъни бундан бир неча кун аввал Россия Бош прокуратураси “Иваново маҳбуслари”дан бири бўлмиш қирғизистонлик фуқаро Маъмуржон Тоштемировни ўз ватанига экстрадиция этиш ҳақида қарор қабул қилди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябининанинг айтишича, М.Тоштемировни экстрадиция қилиш қарори 27 июль куни қабул қилингани унинг шикоят аризаси судда кўриб чиқилаётган пайтда аниқланган.

“31 июль куни эса яна 9 киши экстрадиция қилиниши ҳақида қарорга келингани маълум бўлди. Ўзбекистонлик қолган 3 киши – Рустамхўжаев, Қосимхўжаев ва Олимовнинг ҳам экстрадиция қилиниши ҳақида қарор қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмас”, - деди Е.Рябинина.

Унинг таъкидлашича, агар Ивановодаги ўзбеклар Ўзбекистонга экстрадиция қилинса, уларни қийноққа солишлар ва ҳаттоки ўлим кутаëтир.

“Агар улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинса, мамлакат Жиноят кодекси бўйича уларга ўлим жазоси берилиши ҳам мумкин. Бироқ биз Бош прокуратуранинг қарорини якуний ҳисобламаймиз. Албатта, бу қарорлар юзасидан судга шикоят аризаси топширилади, қўшимча маълумотлар зудлик билан Страсбургга жўнатилади”, - деди Е.Рябинина.

Ивановодаги ўзбеклар судида юрист сифатида иштирок этаëтган Светлана Мартинова суд жараëни мамлакат қонунларига зид ўтаëтганини айтди.

“Қизиғи шундаки, суд адвокатга экстрадиция қилиш ҳақидаги Бош прокуратура қароридан нусха кўчириб олишга рухсат бермади. Судья ҳаттоки қарордан нусха кўчириш мумкин эмаслигига ëзма равишда изоҳ берди. Яъни оғзаки равишда танишиб чиқишга рухсат берди-ю, аммо ҳужжатдан нусха кўчиришга рухсат бермади”, - деди юрист.

Унинг таъкидлашича, судланувчилардан бирининг адвокати Ирина Соколова айбланувчилар ўзларини ёмон ҳис қилаётганини билдирган. Улар жуда озиб кетган. Ўзбекистонга қайтишдан қўрқяпти. Суд мажлисида ҳам улар йиғлаган. Адвокатнинг ўзи ҳам ҳозир оғир аҳволда. У ҳам “бу кетишда жинни бўлиб қолиши”ни айтган.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими Баҳром Ҳамроев Ивановодаги ўзбекларнинг ҳибсда ноқонуний равишда сақланаётганини билдирди.

“Мен Ивановодаги ўзбекларнинг танишлари, қариндош-уруғлари, дўстлари билан гаплашиб, вазиятни атрофлича ўргандим. Бу кишиларнинг ҳеч қандай айби йўқ. Улар ҳеч қандай жиноятга қўл урмаган. Уларнинг Андижон воқеаларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар Ўзбекистон ҳукумати ўйлаб топган ўйиннинг қурбонларидир”, - деди Б.Ҳамроев.

Эслатиб ўтамиз, Ивановода ҳибсга олинган ўзбеклар пахта савдоси билан шуғулланувчи “Ростекс” фирмаси раҳбарлари ва хизматчилари бўлган.

“Курсив Иваново” Интернет газетаси бош муҳаррири Владимир Рахманьковнинг “Озодлик”ка айтишича, “Ростекс” яқин вақтларгача Ивановодаги тўқимачилик комбинатларига пахта етказиб берадиган катта фирмалардан бири бўлган. Фирмада ишлаётганларнинг деярли ҳаммаси андижонлик ва фарғоналик ўзбеклардир.