Ўзбекистон ҳукуматининг олтин қармоғи

Ўзбекистон ҳукумати Америка сармояси иштирокида ташкил этилган “Зарафшон – Ньюмонт” тилла қазиб чиқариш қўшма корхонасининг маълум миқдордаги тилласи ва бошқа мулкини гаровга олди. Бу ҳақда қароргоҳи АҚШнинг Денвер штатида жойлашган “Ньюмонт Майнинг” компанияси маълум қилди.
Ўзбекистон ҳукуматининг АҚШ сармоядорига нисбатан бундай кескин чораси ширкатга июн ойида суд орқали юклатилган қўшимча қарийб 50 миллион АҚШ доллар миқдоридаги қарзни тўла олмаётгани билан боғлиқ.

“Зарафшон – Ньюмонт” мамлакатдан тилла экспорт қилишни тўхтатган. Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳам компаниянинг 14 миллион АҚШ доллари миқдордаги ҳисоб рақамини музлатишга мажбур бўлди.

“Зарафшон – Нюмонт” раҳбарияти компаниянинг нормал фаолият юритишига жиддий путур этганини айтмоқдалар.

Бундай вазиятда аввалгидек АҚШ томони ўзининг “Зарафшон –Ньюмонт” ширкатидаги улушини сотиши эҳтимоли ҳақида эмас, балки бу улуш Ўзбекистон томонидан шунчаки ўзлаштирилиши тўғрисида гапирилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати тажрибасида бундай мисоллар талайгина.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати нима сабабдан йилига қарийб 5 тонна олтин қазиб чиқарган ва Ўзбекистонга шу пайтгача ярим миллиард АҚШ долларидан ошиқ даромад олиб келган “Зарафшон-Ньмонт”га нисбатан кескин чора кўрмоқда?

“Экономист Интеллеженс Юнит” Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар маркази тахлилчиси Анна Уолкернинг айтишича:

“Ўзбекистон билан дастлабки шартномалар тузилган вақтда улар иккала томонни ҳам қондирган эди. Аммо олтин нарҳлари кескин кўтарилгани сабаб Ўзбекистон ҳукумати корхонадан кўпроқ пул ундиришга ҳаракат қилди”, – дейди Анна Уолкер.

АҚШ Ўзбекистон муносабатлари совуқлашиб борар экан, АҚШнинг Ўзбекистондаги энг йирик сармоядори “Зарафшон – Ньюмонт” ширкатида муаммолар пайдо бўла бошлади.
Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Россия алоқалари қайта тикланар экан, “Зарафшон – Ньюмонтнинг” Россиядаги энг йирик тилла қазиб чиқарувчи “Полюс” компанияси ва унинг “Интеррос” гуруҳи томонидан сотиб олиниши борасида хабарлар пайдо бўла бошлаган эди.

Рус ширкатлари ўзбек олтинига кўз тикаётганини яширмай келмоқдалар.


12 апрел куни “Интеррос” инвестиция гуруҳининг раҳбари миллиардер Владимир Потанин президент В. Путин қабулида бўлиб, ундан Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишда кўмак кўрсатишни илтимос қилган эди. Ўз навбатида, В.Путин “президент Ислом Каримов билан гаплашишга зарурат бор”, - дея ушбу муаммони ҳал этишга ваъда берган маълум.

Аммо бугунга келиб “Зарафшон – Ньмонт”ни сотиб олмаслик тўғрисида “Полюс” ҳам сўнгги қарорга келиб бўлган кўринади.


“Ҳар қандай йирик компания сифатида биз хорижда сотилиши мумкин бўлган корхоналарни кўриб чиқамиз. Аммо директорлар кенгашида “Зарафшон-Ньюмонт” масаласи кўриб чиқилганда, бу лойиҳа бизда қизиқиш уйғотмади”, – дейди “Полюс” компаниясининг вакили.


Нима бўлган тақдирда ҳам, бугунги кунда “Зарафшон – Ньюмонт” компаниясида пайдо бўлган муаммолар, кейинчалик Россия сармоядорларида ҳам пайдо бўлмаслигига кафолат бор-ми?

Ҳар қалай “Зарафшон – Ньюмонт” бир вақтлари ҳукуматнинг ҳимояси остидаги ширкатлардан бири саналган эди.

Ўзбекистон судига аппеляция билан мурожат қилиш ниятини билдираётган «Зарафшон – Ньюмонт» компанияни солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлардан ҳимоя қиладиган ҳукуматнинг маҳсус қарорини тақдим этмоқчи.


”Аммо Ўзбекистон ҳукумати Ньюмонтни ўзлаштиришга бел боғлаган экан, бунинг уддасидан албатта чиқади”, - дейди Ўзбекистондаги энг йирик тола ишлаб чиқарувчи корхонасида айрилган “Кабул Текстайлс” директори Дон Канг.

”Ўзбекистон ҳукумати бу компанияни ўзлаштиришга ҳаракат қилаётган бўлса, келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоларга қарамасдан, улар бу ишни осонлик билан қиладилар. Судлар ҳукумат қўлида… Аммо АҚШ сармояси иштирокидаги ширкатга ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар вазиятга энг йирик молиявий ташкилотларнинг аралашишига сабаб бўлиши мумкин. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукуматининг дунё жамоатчилиги олдида обрўси тўкилиши мумкин”, - дейди Ўзбекистонда сармоясини йўқотган кореялик бизнесмен.

“Зарафшон – Ньюмонт” нинг муаммоларини кузатиб бораётган россиялик олтин қазиб чиқарувчилар Ўзбекистонда бирор ишни бошлашга эҳтиёткорлик билан ёндошиш лозимлиги ҳақида айтмоқдалар.


Бир сўз билан, сармоядорлар Ўзбекистонда тез – тез кузатиладиган ташқи сиёсий эврилишлар таъсиридан, қонунчиликнинг ўзгартирилиши ҳамда судларнинг мустақил эмаслигидан қўрқиши ҳақида айтадилар.