Ўзбекистон ҳизбчиларининг етакчисими ёки...

Ўзбекистон расмийлари кўпгина давлатларда фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимининг мамлакатдаги етакчиси экани айтилаётган Абдураҳим Тўхтасинов қўлга олинганини билдирмоқда.
Маълум бўлишича, Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ушланган бу шахс дарҳол Тошкентга жўнатилган.

Хўш, А.Тўхтасинов аслида ким ва шу вақтгача қамалган юзлаб, эҳтимол минглаб ҳизбчиларнинг етакчиси, дейилган бу шахс қайси ишлари учун айбланиб, ҳибсга олинди?

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ўзбекистонда “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорликда айбланиб қамалган фуқароларнинг аксарияти аслида бегуноҳлиги, фақатгина диний эътиқоди ёки сиёсий қарашлари учун ҳибсга маҳкум этилганини айтиб келади.

Айни вақтда қамалаётганларнинг яқинлари кўп бора: “Бу ўзи бор партиями, у нима иш қилади, қани унинг раҳбари?” каби саволлар билан Ўзбекистон расмийларига кўп бора мурожаат қилган ва бу мурожаатларнинг айримларини “Озодлик” радиоси орқали эфирга ҳам узатилганди.

Энди эса Ўзбекистон расмийлари гўёки шу саволга жавоб бераётгандек ҳизбчиларнинг мамлакатдаги етакчиси ҳибсга олинганини билдиряпти.

Аммо аввалдан айтиш керакки, “Озодлик” мухбири бу партиянинг Ўзбекистондаги бўлими раҳбари экани ва Наманганда қўлга олингани айтилаётган А.Тўхтасинов ҳақида кўп ахборот йиға олмади.

Наманган вилояти ИИБ вакили А.Тўхтасинов исмли шахс ҳақиқатан ҳам бор экани, “Ҳизб ут-таҳрир” етакчиси бўлгани учун қўлга олингани, ҳозир у Тошкентда ҳибсхонада сақланаётганини айтиш билан чекланди.

Бироқ ИИБ вакили бу шахснинг ким ва нима ишлар қилгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари нимага асосланиб унинг ҳизбчиларнинг Ўзбекистондаги етакчиси эканини айтаётгани каби қатор саволларни жавобсиз қолдирди.

Бу саволларга ойдинлик киритиш учун “Озодлик” мухбири “Ҳизб ут-таҳрир” партиясининг Лондондаги қароргоҳи вакили Тожи Мустафога мурожаат қилди.

“Абдураҳим Тўхтасинов исмли шахс ҳақида маълум бир сабабларга кўра, шахсан ҳеч нарса дея олмайман. Айни вақтда бу маълумотни тасдиқлай олмайман ҳам. Бироқ “Ҳизб ут-таҳрир”нинг етакчиси қўлга олинди, деган мазмундаги ахборот биз учун янгилик эмас”, - деди Тожи Мустафо.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, кейинги вақтларда Ўзбекистонда ҳизбчиликда айбланиб қамалаётганларнинг барчасини ҳам бу партия аъзоси, деб бўлмайди.

“Шуни биламизки, “Ҳизб ут-таҳрир” партияси аъзоси сифатида қўлга олинаётганлар орасида ҳақиқий аъзолар ҳам бор, умуман аъзо бўлмаган оддий диндорлар ҳам кўп. Аксар ҳолларда ҳар икки тоифа вакиллари ҳам қийноққа солинаётган ҳақида бизда ахборотлар бор”, - деди Тожи Мустафо.

У оддий диндорларнинг мазкур партияга аъзоликда айбланиб ҳибсга олиниши Марказий Осиё давлатларида кўп учраётганини эътироф этди.

Марказий Осиё, хусусан, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги жараёнларни кузатиб бораётган диншунос таҳлилчи Иқбол Мирсаидов “Ҳизб ут-таҳрир” партияси бўлимларининг “бутун Фарғона водийсида мавжудлиги ва бунинг ўзига яраша хавфи борлиги”ни таъкидлади.

“Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими Фарғона водийсида ҳақиқатда ҳам бор ва айтиш керак, унинг аъзолари бу ҳудудда кўп ҳам. Аслида улар фақат ғоявий мавжудлиги ва сиёсий фаолият юритишини тан ҳам олади. Буни эса мавжуд ҳукуматлар ўзи учун хавф билади. Қолаверса, аҳли дин, хусусан, суннийлар томонидан ҳам бу ҳаракат инкор этилган. Яъни унинг ақидалари аҳли суннаъ учун зидлиги айтилган. Бу оқим дин ва сиёсатни бирлаштириб, ҳукуматга интилгани ва бу ҳаракатига исталган ҳаммани жалб қилгани боис хавфли ҳисобланади”, - дейди таҳлилчи.

Унинг таъкидлашича, “Ҳизб ут-таҳрир”нинг айнан яширин ҳаракатда экани қўл келиб, Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ўзи учун хавфли билган, хуш кўрмаган ҳурфикр ва аксар ҳолларда оддийгина диндорларни қамоққа тиқмоқда. Ўзбекистон ва унга қўшни Қирғизистонда кечаётган сўнгги сиёсий ҳодисалар эса бунинг яққол далилидир.

“Биринчидан, икки давлат раҳбарлари хавфсизликни таъминлаш, террорга қарши кураш масаласида ҳамкорлик қилишга келишди. Бундан ташқари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида террорга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик қилиш, ахборотлар алмашиш тўғрисида ҳужжатлар имзоланган. Табиий, бу ҳаракатлар ана шу келишувлар натижаси ва шу йўлда берилаётган навбатдаги ҳисобот бўлиши мумкин”, - деди И.Мирсаидов.

Бошқача айтганда, Ўзбекистонда қўлга олинган ва ҳозир Тошкентдаги хибсхоналардан бирида сақланаётган А.Тўхтасинов ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари айтганидек, “Ҳизб ут-таҳрир” партияси етакчиси бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо бу билдирилаётган тахминлардан бири, холос.

Зеро, Ўзбекистонда “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланиб қамалган юзлаб ҳизбчиларнинг етакчиси экани айтилаётган Абдураҳим Тўхтасиновнинг аслида кимлиги ҳамон ноаниқ бўлиб турибди.