Ядровий қурол ишлаб чиқариш нияти йўқлигини таъкидлаб келаётган Теҳрон, Хавфсизлик кенгашининг талабига кўра шу ойнинг охиргача уранни бойитиш ишларини тўхтатмаса, унга нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкин.
Айни пайтда, Оқ уй Эронга нисбатан кейинги чоралар ҳақида ўзининг халқаро шериклари билан маслаҳатларни давом эттираётганини маълум қилди.
Оқ уй матбуот вакили Дана Перино берган баёнотда айтилишича, Қўшма Штатлар ва унинг Хавфсизлик кенгаши бўйича шериклари бўлмиш Россия, Франция, Британия ва Хитой шунингдек, кенгашга аъзо бўлмаган Германия Теҳрон ядровий қуролни қўлга киритишининг олдини олиш мақсадида муштаракдир.
Бироқ Оқ уй баёнотида шанба куни Эронда ишга туширилган оғир сувни ишлаб чиқарувчи завод ҳақида ҳеч изоҳ берилмади. Оғир сувда ишлайдиган реакторлар ёрдамида, ядровий қуролда ишлатилиши мумкин бўлган плутонийни ишлаб чиқариш мумкин.
Айни пайтда, Эрон расмийлари бугун узоқ-масофали ракета синовини муваффақиятли амалга оширганини маълум қилди. Айтилишича, ракета давом этаётган ҳарбий амалиётлар доирасида сув ости кемасидан учирилган. Ҳарбий флот қўмондони Генерал Сажжад Кучакий ракета нишонга бориб тегганини маълум қилди.
Бир ҳафта аввал Эрон кенг қамровли ҳарбий машқларни бошлаган.