Бир деҳқоннинг деҳқонча ҳисоб-китоби

Тошкентда 17-18 октябрь кунлари бўлиб ўтган иккинчи халқаро пахта ярмаркасида 36 мамлакатнинг 250 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистоннинг асл бойлигини танлаб-танлаб сотиб олди.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзбек пахтасига қизиқиб, Тошкентга келаётган хорижлик ишбилармонларни хушхабар билан кутиб олди. Ярмарка бошланган 17 октябрь куни Ўзбекистон 2006 йилги пахта тайёрлаш давлат режасини бажаргани эълон қилинди ва шу йил териб олинган 3 миллион 600 минг тонна пахтадан 500 минг тоннаси ярмаркада сотувга қўйилди.

Пахта хомашёси экспорти бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирида турадиган Ўзбекистоннинг доимий харидорлари бу йилги ҳосил сифатини яхши баҳолаган. Бу ҳақда хабар тарқатаётган Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларида айтилишича, ярмаркада иштирок этган Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамда ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев мамлакатнинг пахта хомашёси экспортидан тола сотишга ўтиш режасига оид стратегик дастурлар ҳақида гапирган.

Энг муҳими, экспорт маҳсулотларини жаҳон бозорига воситачилар орқали эмас, мана шундай халқаро ярмаркалар орқали Тошкентнинг ўзида сотиш кўзланяпти.

Хуллас, Тошкентда ўтган Иккинчи халқаро пахта ярмаркасида анча катта гаплар айтилди. Ҳали пахта йиғим-теримидан бўшамаган, даладан қайтмаган деҳқоннинг бу йилги ҳосили харидорлари эса ҳозирданоқ чаққон бўлиб турибди. Ҳозирги тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бир тонна ўзбек толасининг жаҳон бозоридаги бу йилги нархи ўртача 1,5 минг АҚШ долларидан тушмайди. Чунки пахтанинг сифати яхши, ёмғир кўрмади ва намгарчилик бошланмай туриб териб олинди.

Шундай экан, бу йилги ҳосилдан рози бўлган Ўзбекистон расмийлари мақтаб-мақтаниб жаҳон бозорига чиқараётган бу йилги мўл пахта ҳосилидан давлат қанча даромад кўради-ю, уни етиштирган деҳқон қанча даромад олади, ҳисоб-китобни ҳамиша хирмонга қолдириб келган давлатдан пахтакорлар бу йил қанча пул олади?

Ҳар йили ерида пахта етиштирадиган бухоролик фермер Исмоил ака бу каби саволларга жавоб беришдан олдин гапни узоқроқдан бошлайди.

“Келинг, бир гектар ерда бир йил давомида етиштириладиган ҳосил ва унга кетадиган харажатни ҳисоблайлик. Деҳқон бир гектар ердан ўртача 3 тонна 200 килограмм пахта олади ва бунча пахтани давлат ундан 1 миллион 144 минг сўмга харид қилади. Агар пахта биринчи навли бўлса, албатта. 1 гектар ер учун йиллик харажат умумий ҳисобда 835 минг сўм бўлади. Аммо бу харажатлар учун давлат ҳамиша ҳам нақд пул бермайди. Банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб беради ва бу пулни исталган вақтда нақд олишнинг имкони йўқ. Имкон туғилганда ҳам банкка 20 фоиз ҳақ беришимиз керак. Шуни ва ишчиларимизга бериладиган иш ҳақини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бир гектар ер учун учун йиллик жами харажат 1 миллион 2 минг сўм бўлади. Давлат эса бизга 1 миллион 144 минг 400 сўм беряпти. Буни пахтанинг килосига тақсимласак, бизга бир йиллик меҳнатимиз учун ҳар килограмм пахтадан 45 сўм фойда қолади”, - дейди Исмоил ака.

У 20 гектар ердан жами 2 миллион саккиз минг сўм соф фойда олади. Бу деҳқоннинг бир йил давомида пахта даласидан чиқмай топган соф фойдаси.

Табиий, мана шу 20 гектар ерда етиштирилган пахтани олган давлат бундан қанча фойда кўради, деган саволга ҳам жавоб бериш керак.

Йил давомида тиним билмаган деҳқон бунинг ҳам тахминий ҳисобини билади, чунки бу унинг ўзи пешона тери билан етиштирган ҳосил.

“Пахтани чигитидан айирганда ўртача 60 фоиз тола олиш мумкин. Бир тонна толанинг нархи жаҳон бозорида энг ками 1 минг 400 АҚШ доллари туради. Демак, бир гектар ердан олинган 3 минг 200 килограм пахтанинг толасини давлат 2 минг 688 долларга сотади. Кейин эса чигитнинг килосини минг сўмдан яна ўзимизга қайтариб сотади. Шундай қилиб, давлат ҳаммаси бўлиб бир гектар ердан олинган пахта ҳосилидан 3 миллион 609 минг сўм фойда олади. Бу қайта ишловсиз, фақат чигити айрилган пахтадан давлатга қоладиган фойда”, - дейди Исмоли ака.

Хуллас, Исмоил аканинг 20 гектар майдонда етиштирган пахтасини қабул қилиб олган давлат бундан тахминан 70 миллион сўм даромад қилади. Бир йил давомида бутун бошли хўжаликни бошқарган ва давлатга 70 миллион сўмлик пахта топширган Исмоил аканинг қўлида эса бор-йўғи салкам 3 миллион сўмга яқин пул - соф фойда қолади.

Хўш, бу ҳолатда деҳқон жорий йилги ҳосилидан розими?

“Очиқ айтганда, бунинг турган-битгани зўравонлик. Деҳқон йил давомида етиштирган ҳосилни тўлалигича давлатга топширади. Олган ҳақи эса гадойнинг ҳам пули эмас. Ер сенга, дегани билан пахта экиш мажбур, ўша оз пулга ишлаш мажбур. Ҳамма деҳқон-фермерлар билан республика бўйича битта “шаблон”даги шартнома тузилади. Режа қатъий, нарх қатъий белгиланган. Фикрлашиш, савдолашиш ҳақида гап ҳам йўқ. Шу аҳволда яна деҳқонни уриб, қўлидан пахтасини олади бу давлат. Аслида эса бутун дунёда ҳақ ҳисобланган, замонавий йўл бор – ерни деҳқонга бериш ва ундан ҳосилни деҳқон айтган нархда сотиб олиш. Ахир ер солиғини, яна бошқа ҳамма солиқларни тўлаймиз-ку! Мана шу шароитда ишлаяпмиз. Чунки ягона илинжимиз мана шу ер. Ерни қўлда сақлаб, яхши кунлар келгунча сабр қилайлик, деб турибмиз”.

Бу деҳқоннинг юқоридаги саволга жавоби.

Деҳқон келтирган рақамлар давлатнинг ҳисоб-китобига қанчалик тўғри келади, буниси номаълум. Аммо у давлатга 70 миллион сўмлик маҳсулот топшириб, ўзи салкам 3 миллион сўм билан қолгани аниқ. Шу боис, ўзбек пахтасининг жаҳон бозоридаги нархи-ю, уни Тошкентдаги халқаро ярмаркалар орқали сотиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати тузаётган оламшумул режалардан деҳқоннинг умиди у қадар катта эмас. Ягона илинжи ерни қўлида сақлаб туриш.