Ўзбекистон аҳолининг катта қисми ярим очликда яшамоқда

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги агентлиги эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистон аҳолисининг 26 фоизи ярим очлик шароитида кун кечираётгани билдирилади.
Бундан ўн йил муқаддам дунёда озиқ-овқат захиралари ва очлик масалаларига бағишланган саммитда халқаро ҳамжамият ярим очликка маҳкум аҳоли сонини энг камида ярмига қисқартирамиз, дея катта масъулиятни зиммасига олган эди.

Гарчи ўтган 10 йил давомида айрим ҳудудларда аҳвол ўнгланган бўлса-да, умумий мақсадга етилмади, дейилади БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги агентлиги ҳисоботида.

Ушбу ҳисобот Рим шаҳрида ўтган йиллик халқаро анжуманда эълон қилинди. Анжуманда дунёнинг 120 давлатидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги агентлиги раҳбари Маргарита Флорес тадбирдаги маърузасида: “Биз улкан вазифа қаршисида турибмиз. Очлик ва ярим очликка қарши кураш кутилган муваффақиятни бермади. Учрашувда ҳал қилиш лозим бўлган асосий масалалар аслида мавжуд вазият ва бизнинг мажбуриятларимиз, шунингдек, давлатлар томонидан бу борада юритилаётган сиёсатдаги фарқни аниқлашдир”, - деди.

Ҳисоботда айтилишича, айниқса, МДҲ мамлакатларида ярим очликни қисқартиришга қаратилган ҳаракатлар бир текисда олиб борилмаган. Бу ҳудуддаги тахминан 21 миллион аҳоли ярим очликда кун кечирмоқда.
Хусусан, Беларус, Россия ва Украинада аҳолининг 3 фоизи ярим очликда яшамоқда. Бу эса МДҲ мамлакатлари орасида қайд этилган энг яхши кўрсаткичдир.

Энг ёмон кўрсаткич эса Тожикистон ва Ўзбекистонда қайд этилган. Тожикистонда, ҳисоботда келтирилишича, аҳолининг 61 фоизи тўйиб овқатланиш имконига эга эмас. Ўзбекистонда 26 фоиз одам ярим очликда кун кечирмоқда. 1990 йилларда эса бундай аҳоли 8 фоизни ташкил этар эди.

“Бу мамлакатлардаги қишлоқ ҳудудларида камбағал аҳолининг аҳволи сал ўнглана бошлагани, аммо шаҳар жойларда камбағаллик ортгани кузатилди. Бу эса камбағал одамларнинг шаҳар жойларга кўчиши кучайганидан далолатдир. Яъни биз қишлоқ ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилишимиз лозим”, - деди Маргарита Флорес.

Собиқ иттифоқнинг бошқа давлатлари, жумладан, Озарбойжон, Грузия ва Қирғизистонда аҳоли иқтисодий аҳволи яхшилана бораётгани кузатилган. Ҳисоботда бу мамлакатлардаги аҳолининг ҳозирги турмуш тарзи 1990 йиллар билан таққосланади.

Жумладан, Грузияда 1990 йилларда аҳолининг 44 фоизи ярим очликда кун кечирган бўлса, ҳозир бу рақам 13 фоизга тушган. Қирғизистонда эса бундан 10-15 йиллар муқаддам жами аҳолининг бешдан бир қисми тўйиб овқатланмаган бўлса, ҳозир атиги 4 фоиз одам ярим очликда яшамоқда.

БМТ агентлиги мутахассиси Костас Стамулис бу давлатларда муваффақиятга эришиш сабабларини изоҳлар экан: “Уларда сиёсий-иқтисодий ҳолатнинг ўсиши камбағалликнинг тугатилиши ва очликнинг қисқаришидаги бирламчи омилдир. Яъни бу давлатлар мунтазам равишда ривожланиб бормоқда. Бундан ташқари, ишончим комилки, Озарбойжон ва Грузияда муваффақиятли тарзда бораётган иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳаси, хусусийлаштириш ва хўжалик юритиш соҳасининг қайта шакллантирилиши тез суръатларда ривожланишга асос бўлган”, - деди.

Унинг сўзларига кўра, собиқ иттифоқ ўлкаларида аҳоли турмуш тарзининг ўсиши ва камбағалликни тугатишда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш асосий рол ўйнайди.

“Ҳозир ўтиш даврида бўлган бу мамлакатларнинг ҳар бири учун хос жиҳат уларнинг ҳаммасида ривожланиш, асосан, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқлигидир. Айниқса, озиқ-овқат таъминотида муаммо сезаётганлар МДҲнинг қишлоқ хўжалигига кўпроқ қарам бўлган мамлакатларидир. Шу боис, бу давлатлар учун аҳоли иқтисодий аҳволини ўнглаш, қашшоқлик ва ярим очликни тугатишдаги энг муҳим вазифа қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳаётини ривожлантириш стратегиясидир”, - дейди Костас Стамулис.