С.Умаров ва М.Тожибоева ҳар доим жазо изоляторида сақланяптими?

Айни пайтда қамоқ жазосини ўтаётган “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров ва фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева тақдири ҳақида маълумот олишнинг умуман имкони бўлмаяпти.
Бу ҳақда хабар тарқатган Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси аъзоси, “Озод деҳқонлар” партияси раиси Нигора Ҳидоятованинг айтишича, Навоийдаги қаттиқ тартибли қамоқхонада сақланаётган С.Умаровнинг аҳволи, соғлиғи ҳақида сўнгги тўрт ой ичида ҳеч қандай маълумот олишнинг имкони бўлмаган. Бундан ташқари, С.Умаровнинг олдига на адвокати ва на оила-аъзолари қўйилмаган.

“Бизда ҳозир шундай тасаввур пайдо бўлаяптики, гўё Санжар Умаров, деган одам йўқдек. Чунки у ҳақда сўнгги тўрт ой ичида бирорта дарак йўқ. Расман рухсат берилмаяпти. Норасмий тарздаги уринишларимиз ҳам бесамар. Ҳар гал яқинлари ёки адвокати уни кўришга борса, С.Умаров тартибни бузгани учун жазо изоляторида экани ҳақида жавоб оляпти”, - дейди Н.Ҳидоятова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, С.Умаровнинг ўғли куни-кеча яна Навоий қамоқхонасига борган ва отасини кўрсатишларини қаттиқ талаб қилган.

“Бироқ, унга айтишларича, С.Умаров тартибни бузгани учун энди 3 ойга жазо изоляторига ташланган эмиш. Биласизми, бу ҳолат бизда жуда қаттиқ хавотир уйғотяпти. Биз шунчаки унинг аҳволи қандайлиги, унинг бор-йўқлигини билмоқчимиз, холос”, - деди Н.Ҳидоятова.

С.Умаровнинг оила-аъзолари, хусусан, отасининг ҳимояси учун югуриб юрган ўғли оммавий ахборот воситалари ва ҳатто ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларидан ҳам ўзини тортаётгани айтилмоқда.

Н.Ҳидоятова бу Умаровлар оиласи устидан ўрнатилган қаттиқ назорат ва умуман ҳозирги вақтда Ўзбекистонда ҳибсда сақланаётган сиёсий маҳбуслар ва уларнинг яқинларига нисбатан зулм-зўравонликнинг ортиб бораётгани далили эканини таъкидлади.

Н.Ҳидоятова М.Тожибоева ҳам сўнгги вақтларда ўз яқинларига кўрсатилмаётганидан хавотир билдирди.

“Яқинда укаси М.Тожибоевани кўргани борган, лекин уни кўришга рухсат берилмаган. Бизга маълум бўлишича, бу ҳол икки сафардан буён давом этмоқда ва ҳар гал М.Тожибоева тартибни бузгани учун жазо изоляторида экани айтилмоқда. Бу эса қамоқхоналардаги шароит билан яхши таниш бўлган ҳуқуқ ҳимоячиларида хавотир уйғотиши табиий. Биз Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар, айниқса, С.Умаров ва М.Тожибоева тақдиридан хавотирдамиз”, - деди Н.Ҳидоятова.