Конституциянинг мухолифат таклиф қилаётган лойиҳаси асос сифатида қабул қилинди. Янги Асосий Қонун лойиҳасида Қирғизистон президенти ваколатлари кескин қисқариши назарда тутилган. Бишкек вақти билан тонгги соат 4:00 гача янги Конституция лойиҳасини 36 депутат имзолади. Уни имзоламаган депутатлар бу ишни бугун кундуз соат 12:00 гача қилишлари мумкинлиги эълон қилинди. Тонгга яқин парламент биноси олдида депутатлар қарорини кутиб турган 5 мингга яқин митингчи олдига депутат Иманалиев чиқиб, қарор қабул қилинганини эълон қилди. Депутатнинг "Янги Конституция учун!" "Янги президент учун!", деган чақириқларини митинг иштирокчилари ҳайқириб қўллаб-қувватлади. Парламентнинг фавқулодда мажлисига Жўғўрқу Кенешнинг 71 депутатидан 45 нафари қатнашди. Мажлисда Конституциявий суд раиси Чўлпон Баекова иштирок этди.