Бош вазирнинг Би-Би-Сига Бағдодда берган интервьюсида айтишича, агар дастлабки суд ҳукмини апелляция суди тасдиқлагудай бўлса, ҳукумат ҳукмни ижро этишдек ўз зиммасидаги вазифани бажаради. Кеча Саддам Ҳусайн барча ироқликларга мурожаат қилиб, уларни ўзаро ярашишга даъват қилди. Собиқ президентнинг бу чақириғи унинг устидан ўтказилаётган суд мажлиси пайтида янгради. Ҳусайн эндиликда Ироқ шимолида истиқомат қилувчи минглаб курдларни геноцид қилишда айбланаяпти. Ироқнинг собиқ раҳбари устидан ўтказилаётган судловнинг аввалги мажлисида у 1982 йили 148 нафар шиа мусулмонни қатл қилдиргани учун ўлим жазосига маҳкум этилган эди.