“Миллий синдром” ёки Ўзбекистон яна ўта ёмонлар қаторида

“Transparency International” халқаро ташкилоти ўзининг жорий йилги ҳисоботида Ўзбекистонни дунёнинг коррупция ўта ривожланган 10 мамлакати қаторига қўшди.
Ҳисоботда келтирилган рўйхатда Ўзбекистон 161 мамлакат орасида 151 ўринга қўйилган. Коррупция даражаси жиҳатдан Ўзбекистон Бангладеш ва Африканинг бир неча давлатлари сафида турибди. Ўта коррупциялашган давлатлар ўнлигида Ўзбекистондан ташқари бирорта собиқ иттифоқ республикаси йўқ.

Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги халқаро ташкилотнинг бу баҳосидан ўзбекистонлик мутахассислар норози бўлганини маълум қилди. Жумладан, Ўзбекистондаги Минтақавий сиёсат жамғармаси эксперти Актам Жалилов “Transparency International” Ўзбекистонда ваколатхонага эга бўлмагани боис бу ердаги вазиятни холисона ўргана олмаслигини ва шунинг учун ташкилот тадқиқотлари натижалари шубҳали эканини айтган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбоут котиби Светлана Ортиқова эса мамлакатда коррупцияга қарши кураш собитқадамлик билан олиб борилаётганини қайд этади.

Бироқ айни пайтда АҚШда яшаётган ўзбекистонлик тадбиркор Фарҳод Иноғомбоев Ўзбекистонда коррупция жуда ривожлангани ва бу иллат миллий синдромга айланиб қолганини таъкидлайди.

“Бу мамлакатда порасиз иш битириш осон эмас. Ҳукумат идораларидан тортиб барча тармоқлар коррупциялашган ва афсуски, бу ҳолат Ўзбекистонда миллий синдромга айланиб қолган”, - дейди Ф.Иноғомбоев.

“Transparency International” вакиласи Мэри Волкерс эса ташкилот тадқиқотлари ўта жиддий олиб борилишини айтади. У ривожланаётган давлатларнинг барчасида коррупция даражаси ўта юқори эканини билдирди.

“Иқтисодий ривожланаётган ва дунёдаги энг катта экспортчилар қаторига кирган давлатларда коррупциянинг кучлилиги ташвишланарли ҳолдир. Ҳисоботларимиз бу давлатлардаги вазиятнинг ўнгланиши учун бир асос, бонг сифатида қабул қилинишига умид қиламиз”, - деди М.Волкерс.