Мўътабар Тожибоеванинг аҳволи оғир

Ўзбекистон қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган фарғоналик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева оғир бетоб ва у қамоқхона тиббиёт бўлимининг реанимация хонасига ётқизилган.
М.Тожибоеванинг бу ҳақда хабар қилган яқинлари шу кунлардан бирданига тўртта хат олганини билдирди. Ҳуқуқ ҳимоячиси билан бирга жазо ўтаётган маҳбуслардан бири томонидан сентбяр ойида жўнатилган, яъни деярли икки ой кечикиб келган хатларда М.Тожибоеванинг аҳволи жуда оғир экани ва муттасил равишда жазо изоляторига ташланаётгани, шу боис, ички аъзолари шамоллаб, оёқлари шишиб кетгани ҳақида ёзилган.

“Тўртта хат келган экан, ҳаммаси почтада тураверибди. Бизга икки ойдан кейин олиб келиб беришди. Уни онам билан ўтирган бошқа аёллар ёзган. Мўътабарнинг аҳволи оғир, реанимацияга тушиб қолди, дори керак, иссиқ кийимлар керак, деб ёзишибди. Икки ой олдинги аҳвол бу. Биз эса энди хабар топдик ва суриштирсак, хабар беришмади. Кейин аввалдан белгиланган тартибда кўргани келсак, киргизишмади. Изоляторда ҳозир, киргизмаймиз, дейишди. Сабабини сўрасак, айтишмади. Агар реанимацияда ётган бўлса, демак аҳволи жуда оғир экан-да”, - деди М.Тожибоеванинг қизи Маҳлиё.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг адвокати Муҳаррам Тожибоева ўз ҳимояланувчи ва синглиси ўта оғир аҳволда экани, унинг ҳолати ҳақида фақатгина норасмий, яширин йўллар билангина хабар олишга мажбур бўлинаётгани ҳақида гапирди.

“Адвокат сифатида барча ҳужжатларни тахт қилиб келдим, киргизишмади. Қариндош сифатида ҳам жадвал бўйича икки соатлик учрашув бор эди, унга ҳам рухсат беришмади. Мана ҳозир қизи Тошкентда, ёш боласи билан борган, уни ҳам қонуний рухсат берилган учрашувга қўйишмаяпти. Биз фақат ўша ерда ўтирган маҳбусларнинг яқинлари орқали хабар оляпмиз. Уларнинг айтишларича ва яна бошқа бир-иккита манбага кўра, Мўътабар Тожибоеванинг аҳволи жуда оғир, унга нисбатан қийноқлар қўлланиляпти. Бу ошкор бўлмаслиги учунгина бизга кўрсатишмаяпти, деб ўйлаймиз”, - деди адвокат.

У ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳимояси бўйича ҳозир босқичма-босқич иш олиб бораётгани ва агар бу иш бермаса, кейин халқаро инстанцияларга мурожаат қилиш ниятида эканини билдирди. Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳозирга келиб М.Тожибоева ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокатлардан фақат ёлғиз ўзи қолган.

“Уни ҳимоясига олган бошқа адвокатлар ишини ташлаб кетди. Мен ҳам соғлиғим ёмонлашгани туфайли вақтида ҳаракат қила олмай қолдим. Аммо ҳозир иккинчи бор Олий суд раисига ариза жўнатдим. Унинг натижасини кутаман. Агар кўзланган натижани бермаса, бошқа чоралар кўрамиз, бошқа имкон йўқ”, - деди Муҳаррам Тожибоева.