Таниқли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов пайшанба куни Парижда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел билан учрашган.

Озодлик мухбири билан суҳбатда жаноб Морел Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун ҳар қандий имконият синаб кўрилиши кераклигини билдирган эди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг мухожиратдаги раҳбари Толиб Ёқубов Пьер Морел билан Парижда ўтган учрашувда Европа Иттифоқи расмийсига бундай позиция нотўғри эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилганини айтди. Ушбу ой ўрталарида Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга қарши жорий этилган жазо чораларини ўз кучида қолдиришга қарор қилган, жумладан Ўзбекистонга нисбатан қурол-яроғ эмбаргоси бир йилга, Андижонда тинч аҳолининг ўққа тутилишига масъул кўрилган 12 ўзбек амалдорига нисбатан виза чеклови 6 ойга узайтирган эди.