НАТО бош котиби Ўзбекистонни музокараларга чорлади

НАТОнинг Ригада ўтган саммитида альянснинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари муҳокама этилмаган бўлса-да, бу масала доимо тузилма раҳбариятининг диққат марказида бўлиб турибди.
Чунки Афғонистондаги хавфсизликни таъминлаш масаласини тўлалигича ўз зиммасига олган НАТО бу мамлакатга қўшни давлатлар билан яқин муносабат ўрнатиш муҳимлигини тушунади. Альянс минтақадаги уч давлат - Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон билан яхши алоқаларни ўрната олганидан мамнун.

Аммо 2001 йилда АҚШнинг Афғонистондаги толиблар режимига қарши курашида ёрдамини аямаган расмий Тошкентнинг бугунга келиб АҚШни Хонободдаги авиабазадан чиқариб юборгани ва НАТО билан алоқаларни тўхтатгани маълум.

НАТО 2005 йилги Андижон воқеаларида Ўзбекистон ҳукумати вазиятга номувофиқ тарзда намойишчиларга қарши қурол ишлатгани юзасидан жиддий хавотир билдирган ва халқаро тергов ўтказиш чақириқларига қўшилган эди. Бу эса Ўзбекистоннинг альянс билан алоқаларни тўхтатишига олиб келди. Ўзбекистон томони НАТОнинг анжуманларига таклиф этилса-да, бу таклифларни назар-писанд қилмай келмоқда.

НАТО расмийлари қарийб икки йилдан буён Ўзбекистонга сафар қилиш имкониятини топа олмаётир.

Рига саммитидан сўнг уюштирилган матбуот анжуманида “Озодлик” мухбирининг Ўзбекистон-НАТО муносабатларига оид саволига жавоб берар экан, альянс бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер тузилма Ўзбекистон билан алоқаларни тиклаш ниятида эканини билдирди.


“Ўзбекистон томони НАТОнинг Брюсселдаги Евроатлантик ҳамкорлик кенгаши анжуманларида иштирок этмаётгани учун афсус билдиришдан ўзга иложим йўқ. Ўзбекистон томони, афсуски, бундай анжуманларда иштирок этмаслик сиёсатини давом эттиряпти. Бу борада мен нима ҳам қила оламан?! Менга қолса уларни эртагаёқ кўришни хоҳлар эдим. Андижон борасида келишмовчиликларимиз бор, албатта. Аммо уларни муҳокама этишда Ўзбекистон расмийлари учун ажратилган бўш ўриндиқлар билан гаплашиш оғир”, - деди НАТО бош котиби.


НАТО Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказиш мавқеидан ҳали ҳам воз кечгани йўқ.

“НАТОнинг Ўзбекистон борасидаги сиёсати мутлақо ўзгармади. НАТО Ўзбекистон ҳукуматини ҳозир ҳам Андижондаги нохуш ҳодисалар борасида халқаро тергов ўтказишга чақиради. Аммо бу бизнинг Ўзбекистон расмийлари билан гаплашишни истамаётганимизни англатмайди”, - деди НАТО матбуот котиби Жеймс Апатурай.

НАТО Афғонистонда ҳарбий амалиётлар давом этаётгани учунгина Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни истаётгани йўқ. Альянс расмийларининг билдиришича, Ўзбекистон ва НАТОнинг индивидуал ҳамкорлиги тўғрисида имзоланган шартнома доирасида Ўзбекистон ўз Қуролли кучларини ислоҳ этиш учун альянс ёрдамига таяниши мумкин.
НАТО ўз ҳамкорларининг Қуролли қучларни демократлаштириш, уларни давлат назоратидан парламент назоратига ўтказиш, армия учун ортиқча сарф-харажатларини камайтириш каби ислоҳотларини рағбатлантиради.

НАТО расмийлари сўзларига кўра, бундай Қуролли кучлар ҳеч қачон қуролини халққа қарши қарата олмайди.