Оғиздаги кўпик ҳақиқат гапирилаётганини англатмайди

4 декабрь куни Европарламентда Ўзбекистон аёллари турмуш тарзи ва маданиятига бағишлаб ўтказилган тадбирда расмий Тошкент вакиллари аёлларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни ҳақида тўлқинланиб гапирди.
Тадбирда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари ва Хотин-қизлар қўмитаси раисаси Светлана Иномова, омбудсман Сайёра Рашидова, “Тадбиркор аёл” уюшмаси раисаси Дилдора Алимбекова ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва ҳукуматга мойил ташкилотларнинг шу каби вакиллари иштирок этди.

“Uznews.net” сайтининг бу ҳақдаги хабарида айтилишича, Д.Алимбекова тадбирда сўзга чиқиб: “Бизнинг илмимиз, меҳнатимиз, жамиятдаги ўрнимиз Европа аёллариникидан асло кам эмас. Биз шуни кўрсатишимиз лозим. Парламент депутатлигига аёллар учун 30 фоиз квота ажратилган. Биргина бизнинг “Тадбиркор аёл” уюшмасидан 2 аёл сенатор, 4 аёл Олий Мажлис депутати бўлди”, - деган.

Аксар расмий манбаларда Ўзбекистонда давлат бошқарувида аёллар 13,7 фоиз, қонунчилик ва вакиллик органларида 12,3 фоиз, ижро ҳокимиятида 15 фоиз, суд органларида 20 фоиз ва ҳоказо экани айтилади. Таълим ва бошқа ишлаб чиқариш соҳалари бошқаруви ҳақида гап кетганда эса аёллар 40-50 фоиз ўринга эгалиги ҳақида гап боради.

“Эрк” партияси аъзоси Дилором Исҳоқова Ўзбекистон ҳукумати юборган аёллар Европа парламентдаги тақдимотда, асосан, шу рақамларни келтирган бўлиши мумкинлигини айтади.

“Улар фоизлар ва рақамларни келтираётганда ўзини ҳақ, деб билса керак. Ҳақиқатда депутат, сенатор аёллар бор. Бошқарув органларида ҳам бор. Аммо уларнинг ҳаммаси фоизлардаги кўрсаткични ошириш учун йиғилган аёллар. Масалан, мен сиёсатда ёки бошқа соҳада ўзини кўрсатган бирорта аёлни билмайман. Лекин энг муҳими, ҳозир Ўзбекистонда аёл ҳам, эркак ҳам бирдек ҳуқуқсиз эканидир”, - дейди Д.Исҳоқова.

Айни фикрни Халқаро Хелсинки федерацияси ижрочи директори Аарон Родес ҳам билдирди. Бу ташкилот Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида ишлаётган аёллар вазиятини ўрганиб, яқинда ўз ҳисоботини эълон қилди.

“Аёллар жамиятда ўз ҳуқуқлари таъминланишида кўплаб муаммоларга эга. Ҳуқуқ ҳимояси соҳасида Ўзбекистонда аёллар анча пешқадам. Аммо бизнинг кузатув ва тадқиқотларимизга кўра, мамлакатда ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланган аёллар мунтазам таъқиб остида ва бу масалада эркаклар ҳам, аёллар ҳам бирдек зўравонликка учрамоқда”, - дейди Аарон Родес.

Ташкилот ҳисоботида, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари, ўз фикрини эркин айтишдан қайтмаган Мўътабар Тожибоева, Елена Урлаева, Шоҳида Йўлдошева номлари келтирилган.

Франциядаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Отаева “Озодлик” билан суҳбатда Брюсселда ўтказилган Ўзбекистон аёллари ҳаётига оид тақдимотга йўлланган икки маърузани тилга олди. Баъзи сабабларга кўра ўз исм-шарифини ошкор қилмаган ва ҳозирги вақтда Ўзбекистон ичкарисида туриб фаолият юритаётган аёллар гуруҳи йўллаган маърузада қуйидаги сўзлар бор:

“Ўзбекистонда ўз ҳуқуқини талаб қилишга ботинган ва айниқса, эътиқоди учун курашган аёллар муттасил зулмга учрамоқда. Биргина Андижон воқеаларидан сўнг қанчадан-қанча аёл қамоқхонага ташланди. Ўзбекистон қамоқхоналарида эса маҳбуснинг аёл экани унутилади. Мен шахсан гувоҳ бўлганман, ёшгина ҳомиладор аёл узлуксиз 8 соат сўроқ қилинган, калтакланган эди. Терговхоналарда аёлларнинг оч қолдирилгани, гўдакларини эмизишга кунлаб рухсат берилмагани, электрошокка солингани, зўрланганига оид ҳолатларга шахсан гувоҳ бўлганман. Брюсселга борган ҳукумат гуруҳи, табиий, сизга бу ҳақда гапирмагандир”.

Бу маърузадаги фикрларни “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова келтирган мана бу рақамлар тасдиқлайди.

“Бизда Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича конституциявий тузумга қарши жиноят қилишда айбланган 400га яқин аёлнинг исми-шарифи битилган рўйхат бор. Бундан ташқари, худди шу айб қўйилган ва ҳар байрамда, катта тадбирлар вақтида уйида мунтазам назорат, таъқиб қилинадиган 300дан ортиқ аёлни биламиз. Бу фақат Тошкент шаҳри ва вилоят бўйича келтирилаётган рақамлар”, - деди В.Иноятова.