Ўзбекистон ва Хитой террорчиларга қарши янада қаттиқроқ курашмоқчи

Ўзбекистон ва Хитой ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийларининг Тошкентдаги учрашувида терроризм, диний экстремизмга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди.
“Ўзбекистонга келган Хитой делегацияси раҳбари - Шинжон-Уйғур мухтор тумани жамоат хавфсизлиги департаменти раҳбари ўринбосари Хуо Лу Жин Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашувда асосий эътиборни терроризм ва экстремизмга қарши курашга оид ахборот алмашинувига қаратди”, - деб ёзади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги нашри бўлмиш “На посту” газетаси.

Ўзбекистон расмийлари хитойлик ҳамкасбларини мамлакатдаги террорга қарши кураш жараёни, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги академияси ва милиция бошқармалари фаолияти билан атрофлича таништирган.

Бундан 15 йил муқаддам икки давлат ўртасида ўрнатилган дипломатик алоқалар аввалига иқтисодий ҳамкорлик доирасида, 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг эса кўпроқ хавфсизлик, террорга қарши кураш соҳаларида ривожланиб борди.

“Шанхай ҳамкорлик ташкилотини тузишдан, асосан, экстремизм, терроризм, айирмачиликка қарши кураш мақсад қилинган. Терроризм ва экстремизм энг катта хавф солган давлат эса Ўзбекистондир. Шу маънода, у Хитой билан ҳамкорлик қилмоқда. Аслида Ўзбекистоннинг хавфсизлик соҳасида Хитой билан муносабатларни кучайтириши унинг Ғарб билан алоқалари йўлида тўсиқ бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқалари тикланишидан эса нафақат Ўзбекистон, балки минтақа давлатлари ҳам ютади. Чунки Россия ва Хитой инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларига унчалик эътибор бермайди”, - дейди ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлаганов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Айнан шу икки масала – инсон ҳуқуқлари ва демократия муаммолари Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Ғарб ўртасидаги расмий алоқаларда оғриқли нуқта сифатида эътироф этилмоқда. Муносабатлари тобора чуқурлашиб бораётган Ўзбекистон ва Хитой эса ҳар икки масалада аҳвол ўта хавотирли, деб тан олинган давлатлар олтилигида ёнма-ён туради.

Шу ўринда 2006 йилда айнан инсон ҳуқуқлари соҳасида икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлигига исбот бўлувчи воқеа - Шарқий Туркистондаги таниқли диний арбоб ва уйғур озчилиги ҳуқуқи учун курашчи Ҳусайн Жалилнинг Ўзбекистонда қўлга олингани ва халқаро ҳуқуқий меёрларга зид равишда Хитойга бериб юборилганини тилга олиш мумкин.

Россиялик таҳлилчи Виталий Портников одатда “хавфсизлик ва террорга қарши кураш” атамаси остида назарда тутиладиган ҳамкорликда ҳар икки давлатнинг ўзаро манфаатли нуқталари кўплигини айтади.

“Бу Хитойнинг Шарқий Туркистонда кучайиши эҳтимолдан мутлақо холи бўлмаган айирмачиликнинг олдини олишга интилишдир. Хитойдаги авторитар режим шу кетишда қоладиган бўлса, Шарқий Туркистон масаласи жиддий инқирозларни келтириб чиқариши мумкин. Россия раҳбариятидан фарқли равишда анча узоқни кўзлайдиган Хитой ҳозирданоқ бу инқирознинг олдини олиш мақсадида ўзини мутлақ қўллаб-қуввватловчи ва мутлақ қониқтирувчи давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳаракатида”, - дейди россиялик таҳлилчи.

Унинг фикрича, бу борада Ўзбекистон Хитой ҳукуматини тўлиқ қониқтиради ва айни вақтда Ўзбекистон учун ҳам бу манфаатлидир.

“Андижон воқеаларига қадар президент Каримовнинг ҳар турли сиёсий ўйинларида Ғарб эгаллаган ўринни ҳозир Хитой эгаллашга уринмоқда ва бу Ислом Каримов учун жуда маъқул. Яъни бу ўйинлар фақат Каримовнинг иродаси билан боғлиқ ва у шу вазиятида Россиянинг сиёсий босимларига қарши Хитой воситасида чора кўриб қўйишни режа қилмоқда. Бу эса, албатта, илиқлашуви умид қилинаётган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги изчил муносабатлар натижасига боғлиқ. Расмий Тошкент буни ҳам кўздан қочирмайди”, - дейди В.Портников.