Елена Урлаевани яна “чиниқтиришди”

4 январь куни Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани фуқаролик суди ёнида ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева яна калтаклаб кетилди.
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг хабар қилишича, Е.Урлаева тўрт номаълум аёл томонидан ҳеч бир сабабсиз калтакланган.

“Ҳаммаси уларнинг афт-ангоридан маълум эди. Спорт билан шуғулланган, бақувват тўрт аёл. Сиз Елена Урлаевамисиз, деб сўрашди. Мен ҳа, дедим. Шу ондаёқ мени калтаклай кетишди. Ўзимни йўқотиб йиқилган эдим, тепкилай бошлашди. Қизиғи, уларнинг ортида бир эркак киши турган эди. У воқеани видеотасмага тушириб турди. Бу тасодифми ёки улар бирга эдими – бунисини аниқ билмайман”, - деди Е.Урлаева.

Елена Урлаева оғир калтаклар зарбидан ҳушини йўқотган. Шундан кейингина аёллар унинг қўлидаги сумка олиб, бир автомобилда кўздан ғойиб бўлган. Сумкада эса бир неча суд жараёнларига тегишли ҳужжат ва 60 минг сўм пул бўлганини айтди Е.Урлаева.

Шундан сўнг у яқин-атрофдаги тез тиббий ёрдам бўлимларидан бирига олиб борилган.

“Мени шифохонага ётқизишмади. Ҳатто олган жароҳатларимни ҳам муолажа қилишмади. Жиддий тан жароҳати йўқ, деган баҳонани рўкач қилишди. Кейин бу ҳақда бирор ташхис қоғози беришдан ҳам бош тортишди. Аммо мен қаттиқ талаб қилганимдан кейингина ташхис қўйиб, қўлимга қоғоз беришди. Мен ўз ихтиёрим билан шифохонага ётишдан бош тортдим. Чунки улар менга қандай укол қилишганини ҳам айтмади”, - дейди Елена Урлаева.

“Мен тез тиббий ёрдам бўлимидаёқ навбатчи врачдан милицияга хабар беришни талаб қилдим,- дейди Е.Урлаева.- Аммо улар бундан ҳам бош тортди. Кейин уйга бориб, у ердан қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Менимча, бу оддийгина талончилик эмас. Бу бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларини қўрқитиш ва уларни фаолиятидан қайтариш учун ҳукумат томонидан амалга оширилган томошадир”.

Бу Е.Урлаеванинг учинчи бор калтакланиши. Бундан аввал ҳам у нотаниш аёллар гуруҳи томонидан калтакланган ва бир сафар мажбурий равишда руҳий касаллар шифохонасига ҳам ётқизилган эди. Шу боис, у навбатдаги калтакланишдан сўнг давлат тасарруфидаги шифохонада даволанишдан бош тортган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари эса Е.Урлаеванинг калтакланиши ҳукумат вакиллари томонидан уюштирилганига шубҳа қилаётгани йўқ. Чунки Е.Урлаева ва у бошчилик қилаётган “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси” аксар ҳуқуқ ҳимоячилари қамоққа ташланган, яна кўпчилиги эса мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган бир вақтда мамлакатда қолиб ишни давом эттираётган оз сонли ҳуқуқ ҳимоячиларидир.

Алянс вакиллари кейинги 2 ҳафта давомида бир неча бор пикет ўтказди. Улардан охиргиси 2 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси ёнида ўтказилган ва Ўзбекистонда ҳибсга сақланаётган 10дан ортиқ сиёсий маҳбуснинг озод этилиши талаб қилинган эди.

“Е.Урлаева кейинги вақтда анча фаол ишлаётган эди. Назаримда Ўзбекистоннинг махсус хизматларига унинг шу ҳаракати ёқмаган кўринади. Кузатувларимизга кўра биламизки, бизнинг пикетларимизни нима учундир ички ишлар бошқармаларининг террорчиликка қарши кураш бўлими назорат қилади. Пикет бошлашимиз билан келиб, плакатларимизни тортиб олади, йиртади. Баъзан айримларимизни автомобилларга босиб, ички ишлар бошқармаларига олиб кетади. Еленани калтаклаб кетганлар эса мутлақо нотаниш. Афтидан улар махсус хизматлар томонидан ёлланган бўлиши мумкин. Билмасак энди, бу тахмин”, - дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Аҳтам Шоймардонов.

Е.Урлаева 5 январь куни ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова ҳимояси учун пикет ўтказишни режалаган эди. Калтаклаб кетилгани оқибатида режа амалга ошмади.