Елена Урлаева Ислом Каримовга қарши курашда БМТни ёрдамга чорлади

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева мамлакат президенти Ислом Каримов ҳокимиятни куч билан ноқонуний равишда эгаллаб турганини билдирмоқда.
Унинг БМТ Хавфсизлик кенгашига йўлланган мурожаатномасида ёзилишича, И.Каримов мамлакат ҳарбий тузилмалари, суд, прокуратура ва оммавий ахборот воситалари устидан назорати ёрдамида 2007 йил 22 январдан буён ноқонуний равишда ҳокимиятда қолмоқда.

“Шу боис, Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг еттинчи, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155, 159-моддаларига бўйича давлат ҳокимияти ваколатларини суистеъмол қилиш, куч билан ҳокимиятни эгаллаш, терроризм ва конституциявий тузумга тажовуз қилиш жиноятларини содир этди”, - деб ҳисобламоқда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Е.Урлаева халқаро жамоатчилик, хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашини Ўзбекистон суверенитетини ҳимоя қилиш ва эҳтимолий сиёсий бўҳроннинг олдини олишда ёрдамга чақирган.

“Озодлик” мухбири мазкур мурожаатнома юзасидан Елена Урлаева билан суҳбатлашди.

Е.Урлаева: 22 январь куни Ўзбекистон президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг президентлик ваколатлари тугади ва 2007 йил 23 декабрга қадар мамлакат қонуний президентсиз қоляпти. И.Каримов эса президентлик ваколатларини суистеъмол қилиб, ҳарбий тузилмалар, суд, прокуратура ва оммавий ахборот воситалари ёрдамида ҳокимиятда қолишда давом этяпти. Содда айтганда, барча давлат органлари унинг зўравонлиги остида, аҳоли эса гаровга олингандек гўё.

Мухбир: Сиз президент И.Каримов Ўзбекистон қонунчилигини бузишда айбдор ва қонуний жазога тортилиши керак, деб ҳисоблаяпсиз...

Е.Урлаева: Ислом Абдуғаниевич Каримов шу тариқа ҳокимиятда қолар экан, бу Ўзбекистон Конституцияси ва Жиноят кодексига биноан ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш, терроризм ва Конституцияга тажовуз, деб ҳисобланиши керак. Мисол учун, Ислом Каримовнинг ҳозирги ҳаракати Жиноят кодексининг 155-моддасида белгиланган ҳаракатларга айнан мос келади: “Давлат органини бирор бир фаолиятни амалга оширишга ёки амалга оширишдан тийилишга мажбур қилиш, зўрлик, куч ишлатиш”.

Мухбир: Халқаро жамоатчилик айни жараённи кузатаётиб боряпти, аммо ҳозирча бирор расмий муносабат билдирилмади. Сиз БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаатнома йўлладингиз. Сизнингча, кенгаш бу вазиятда қандай ҳаракат қилиши лозим, қандай натижа кутяпсиз?

Е.Урлаева: Биринчидан, БМТ расмийларини ташкилот ваколатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда юзага келган ҳозирги қалтис вазиятга жиддий эътибор қаратишга чақирдим. Иккинчидан, халқаро жамоатчилик Ўзбекистондаги ўта оғир сиёсий аҳволга етарли эътибор қилмагани учун шундай оқибатлар келиб чиқди. Мамлакат жуда ҳам сиёсий беқарор вазиятда турибди. Айниқса, 22 январь куни худди ҳарбий ҳолат эълон қилингандек бўлди - пойтахт кўчалари янги йилдан буён ҳарбийлар, милиционерларга тўлиб кетди. Мен яшайдиган Дўрмон қароргоҳи теграсида эса тез-тез зирҳли машиналар пайдо бўлади. Аҳвол бундай давом этиши ва Каримовнинг куч билан ҳокимиятда қолиши Ўзбекистон учун жуда хавфли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Халқаро жамоатчилик, хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгаши мамлакат суверенитетини сақлаб қолиш ва эҳтимолий сиёсий бўҳроннинг олдини олиши керак, деб ҳисоблайман.