Россия-Ўзбекистон ўртасидаги “жиноятчилар савдоси” давом этяпти

Россияда ўзбекистонлик яна бир фуқаро, 1966 йилда туғилган тошкентлик Яшин Ёқубович Жўраев қўлга олинди. У Ўзбекистон томонининг сўровига биноан ҳибсга олингани айтилмоқда.
Россиядаги “Мемориал” ва “Фуқаровий кўмак” ташкилотларининг хабар қилишича, Я.Жўраев 26 январь куни Москва шаҳрида ушланган ва ҳозир Мешанск туманининг вақтинчалик тергов изоляторида сақланмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Россия ҳуқуқ-тартибот органлари Я.Жўраевнинг ҳибсга олинишига асос қилиб, унга нисбатан Ўзбекистонда қидирув эълон қилингани, у ўз юртида ноқонуний жамоат ва диний ташкилот тузишда айбланаётганини келтираётганини билдирди.

“У 26 январь куни Москва шаҳридаги масжид ёнида, кечки намоздан сўнг қўлга олинган. Мешанск тумани милициясининг бизга айтишича, ўз юртида у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216-моддасига кўра айбланиб қидирилмоқда. Яъни у тақиқланган “Таблиғ” диний ташкилотини тузишда айбланган экан. 2005 йилда эса у диний ташкилотларга алоқадорликда айбланиб, судга тортилган ва Тошкент шаҳри С.Раҳимов тумани суди томонидан жарима солиниб, суд залидан озод экан”, - дейди “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходимаси Елена Рябинина.

Аммо шундан сўнг ҳам Яшин Жўраевга нисбатан таъқиблар тинмагани боис, у юртини тарк этишга мажбур бўлган ва сўнгги бир неча ой давомида Россияда яшаган. Бироз вақт муққадам эса у Москва вилоятининг Орехово-Зуево туманида қўлга олинган. Ҳужжатлари текширган ва дарҳол бармоқ излари олинган, кейин эса қўйиб юборилган.

“Чунки унинг ҳужжатлари жойида ва у Россия ҳудудида қонуний рўйхатдан ўтиб яшаётган эди. Аммо 26 январь куни у яна қўлга олинган ва бу гал тўғри Мешанск тумани милициясига олиб келинган, дарҳол тергов изоляторига тиқилган. Воқеанинг бундай ривожи, одатда, шундай хабарнинг тезда Ўзбекистонга жўнатилиши ва шундай кейингина у ерда қидирув эълон қилиниши, шу тариқа икки томон махсус хизматларининг фуқароларни олди-сотди қилиши ҳақидаги тахминларга асос бўлади гўё. Яқинда халқаро қонунчиликка зид равишда Рустам Мўминов Ўзбекистонга яширинча бериб юборилганда ҳам шундай тахмин илгари сурилган эди. Яшин Жўраевни ҳам шу тақдир кутмаётганига кафолат йўқ. Ҳозир унга адвокат ёлланди ва адвокатга душанба куни у билан учрашишга имкон берилди”, - дейди Е.Рябинина.