Ироқ бош вазири Нури ал-Маликий мамлакат ҳарбий қўмондонларини Бағдоддаги жангариларни йўқ қилишга қаратилган амалиётлар тайёргарлигини тезлатишга чақирди.

Унинг айтишича, бундай тайёргарлик кечиктирилгани сабабли жангарилар қўпорувчилик амалиётларини оширишда давом этмоқда. Сўнгги ҳафта мобайнида Бағдодда юзлаб фуқаро ана шундай зўравонликлардан ўлди. Ироқдан олинган сўнгги хабарга кўра, мамлакатдаги зўравонликлар оқибатида кечанинг ўзида 51 ироқлик нобуд бўлган. АҚШ қўмондонлиги ҳам ўзининг икки аскари ҳалок бўлганини эълон қилган. Айни пайтда АҚШ қўмондонлиги Бағдод шимолида ҳарбий вертолёт қулагани ҳақидаги хабарни текшираётганини билдирди.
“CH-46” русумли вертолёт қулагани ҳақида хабарлар мавжуд. Айни пайтда тезкор бўлинмамиз воқеа жойида қидирув ишларини олиб бормоқда. Вертолётнинг қулаш жойи эса Бағдоддан шимоли-ғарбда, тахминан 30 километр узоқликда”, - деди АҚШ армияси генерали Уильям Колдвел.
Ўтган икки ҳафта мобайнида Ироқда АҚШнинг тўрт ҳарбий вертолёти уриб туширилиши оқибатида америкалик 22 аскар нобуд бўлди.