Жаслиқда аҳвол яхшиланяптими?

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти раҳбари, 2006 йил апрелда ҳибсга олинган ва ҳозир Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Аъзамжон Фармоновга ўз яқинлари билан кўришишга рухсат берилди.
Товламачиликда айбланиб 9 йилга озодликдан маҳрум этилган А.Фармонов сўнгги 10 ой давомида ўз яқинларига кўрсатилмагани ва у оғир қийноқларга солинаётгани ҳақида хабар тарқатилганди.

А.Фармоновнинг рафиқаси Озода Ёқубованинг билдиришича, у сентябрь ойида Жаслиққа борганида эри билан кўришишга рухсат этилмаган эди.

“Кейин ундан хат олдик. Қамоқхона раҳбари кўришгани рухсат берибди. 25 январь куни акаси бориб, кўришиб келди, аҳволи, соғлиғи анча яхшиланиб қолибди, ортиқ уриб-сўкилмаётган экан. Эшитиб хурсанд бўлиб қолдик”, - дейди О.Ёқубова.

Ҳуқуқ ҳимоячилари А.Фармонов сохта айблар билан қамоққа тиқилганини айтади. Маҳбуснинг қариндоши Наргиза Ёқубова шу кунга қадар унинг ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланиб келади.

У қамоқхонада А.Фармоновга нисбатан муомала гўёки яхши томонга ўзгаргани сабабларини айтиб берди.

“Аъзамжон Фармонов дастлаб Жаслиққа олиб борилганда қаттиқ қийноққа солинган эди. Ҳозир Жаслиқ қамоқхонасининг раҳбари алмашган. Аввалги зўравон раҳбари Айдарали Қулумбетов ишдан бўшаб, ўрнига бошқа раҳбар келибди. У маҳбусларга анча яхши муносабатда бўлаётган экан”, - дейди Н.Ёқубова.

Жаслиқ Ўзбекистондаги қийноқлари билан машҳур энг даҳшатли қамоқхона экани айтилади. Унинг қийноққа солиш усуллари билан машҳур илгариги раҳбари А.Қулумбетов ишдан олингани, ҳозир Қозоғистонда яшириниб юрган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Ўзбекистон расмий идоралари ўшанда ҳам бу борада сукут сақлаган эди, ҳозир ҳам сукутда. Бироқ Жаслиқ қамоқхонаси маҳбусларининг яқинларидан келаётган сўнгги хабарлар А.Қулумбетовнинг ишдан олингани ва қамоқхона ичкарисида қандайдир ўзгаришлар бораётганини тасдиқламоқда.

Ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус ва А.Қулумбетовнинг қийноқларидан ўтган ёзувчи Сафар Бекжон бу вазиятни изоҳлар экан, Ўзбекистонда, айниқса, сиёсий маҳбусларга нисбатан босим ва қийноқлар марказлашган тарзда бошқарилиши ва бу билан Ички ишлар вазирлигида махсус бўлим шуғулланишини айтади.

“Фикримча, Ўзбекистон ҳукумати бўлғуси президентлик сайлови олдидан қайсидир халқаро ташкилотга қамоқхоналар эшигини очишга тайёрланяпти. Масалан, ҳозир Халқаро қизил хоч ташкилоти билан музокаралар боряпти. Сайлов битгунча эса қамоқхоналар вақтинча ўнгланади, маҳбуслар ҳам руҳан шунга тайёрланади. Сайлов ўтиб олгандан кейин эски ҳаммом, эски тос бўлади. Авваллари ҳам кўп бора бунга гувоҳ бўлганмиз”, - дейди С.Бекжон.