НАТОнинг Афғонистондаги қўмондонлиги толибларнинг Ҳилманд вилоятидаги сув омборига режалаштирилаётган ҳужумининг олди олинганини маълум қилди.

Қўмондонликнинг билдиришича, альянсга аъзо давлатларнинг уч юзга яқин ҳарбийси Афғонистон ҳукумати кучлари ёрдамида 12 февраль куни Кажаки сув омбори назоратини ўз қўлига олган. Бир кун аввал Афғонистон расмийлари Покистондан мамлакатга юзлаб жангарилар ўтгани ва улар Кажаки сув омборига ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилган эди. Кажаки сув омборидан 25 километр узоқликда жойлашган Мусоқалъа шаҳри эса ҳануз толиблар назорати остида қолмоқда. НАТО яқин кунларда шаҳарда толибларга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланишини билдирди.