Газ ва мардикор. Фрадков қайси бири маъқул?

6 март куни Россия Федерациясининг бош вазир Михаил Фрадков бошчилигидаги юқори мартабали расмийлари ва бизнес вакилларидан иборат делегацияси Тошкентга амалий сафарини бошлади.
7 март куни М.Фрадковнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва бош вазир Шавкат Мирзиёев билан учрашуви режалаштирилган.

Андижондаги қонли воқеалар ортидан Россия билан иттифоқчилик муносабатларни ўрнатган расмий Тошкент илк бор Россиянинг бундай таркибдаги юқори даражали делегациясига мезбонлик қилмоқда.

Россия расмий делегацияси таркибида “Роспром” раҳбари Борис Алёшин, Федерал миграция хизмати бошлиғи Константин Ромодановский, Молия ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирликлари расмийлари ҳамда “Газпром” ва “ЛУКОЙЛ” компаниялари вакиллари бор.

Россия ҳукумати матбуот вакилларининг айтишича, ташриф амалий мақсадларни кўзлаган бўлиб, сўзлашувлар давомида космик тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорлик масаласидан тортиб, миграция, табиий захираларни ўзлаштириш, савдо-сотиқ ҳамда молиявий алоқалар муаммолари кўтарилади.

Ўзбекистоннинг нефть ва газ захираларини ўзлаштириш соҳасида етакчилик қилаётган “Газпром” ва “ЛУКОЙЛ” компаниялари Ўзбекистонга қарийб 2 миллиард доллар миқдорида сармоя ётқизиш мажбуриятини бажаришда давом этмоқда. Бу соҳа Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг устивор йўналишидир.Ўзбекистонлик айрим таҳлилчилар бу масалага хавотир билан қарай бошлади.

Тошкентлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев сўзларига кўра, Россия шу тариқа Ўзбекистонни ўз таъсир доирасида сақлаш ниятида.

Нима бўлганда ҳам Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш даражасини Россия ва қўшни давлатлар билан тенглаштириш мақсадида улар билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини англамоқда. Аммо яқиндан бошлаб Россия томон юз бурган расмий Тошкент энди ўз манфаатларини юқори қўя биляптими?

МДҲ муаммоларини доимий равишда ёритиб келаётган москвалик журналист Санобар Шерматованинг таъкидича, И.Каримов Ўзбекистоннинг ҳақини кимгадир бериб қўядиган сиёсатчилардан эмас.

“Агар бирор келишув унинг шахсий ёки давлат манфаатига хизмат қилмаса, И.Каримов билан тил топиб нимадир қилиш осон эмас. И.Каримов давлатни сотиб юборди, деган бақириқларни эшитдик. Аслида у ҳеч кимга ҳали мутлақо ҳеч нарсани сотган эмас”, – дейди Санобар Шерматова.

Давлат бошқаруви жилови мамлакатнинг табиий захираларида мужассам эканини яхши англайдиган И.Каримов бу соҳадаги барча компанияларга берилган имтиёзларни ўтган йили бекор қилди. Аммо мутахассислар бу соҳа фақатгина Россия ёрдами билан ривожлана олишини айтмоқда.

Нефть ва газ соҳасидаги муваффақиятлар оддий ўзбекистонликлар кундалик ҳаётида унча ҳам акс этаётгани йўқ. Оддий ўзбекистонликларни Россияга бориб ишлаш имконияти кўпроқ қизиқтиради.

Тошкентнинг АҚШ билан яқин иттифоқчилиги даврида Россия Ўзбекистон ҳукуматига миграция соҳасида икки томонлама келишувни тақдим этмоқчи эди. Оддий ўзбекистонликларга Россияда қонуний ишга жойлашиш ҳуқуқини берувчи бу келишув бугунги кунда яна кун тартибига чиқиши мумкин.

“Россия Федерал миграция хизмати раҳбари К.Ромодановскийнинг ҳам Тошкентга келиши айни масала юзасидан фикр алмашишга имкор беради, – дейди журналист Сергей Ежков. - Миграция жуда муҳим масала бўлиб, Ўзбекистонда иқтисодиётни қанчалик ривожлантирманг, ишсизлик муаммоси уни орқага тортаверади. Агар Ўзбекистон ҳам бугунги кунда Қозоғистон ва Беларус каби Россия билан миграция бўйича келишувларга имзо чекса, 5-7 миллион ўзбекистонлик Россияда қонуний ишлаши мумкин бўлар эди”.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг юз минглаб фуқароси Россияда ноқонуний тарзда мардикорлик орқасидан кун кечирмоқда. Икки давлат ўртасида миграция бўйича келишув уларга Россия фуқаролари билан бир хил асосда ишга ёлланиш имконини бериши мумкин.

Россия ахборот агентликларининг хабар қилишича, Россия расмий делегациясининг Тошкентга сафари давомида ҳеч қандай шартномага имзо чекилмайди. Аммо юқори даражадаги сўзлашувлар жиддий шартномалар учун замин яратиши мумкин.