Митинг амалга ошмади, кутилганидек...

“Бирдамлик” ҳаракати аъзоларининг 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунида Ўзбекистоннинг 9 шаҳри бўйлаб тахминан 2000 киши иштирокида ўтказишни режалаштирган митинги амалга ошмади.
Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Жиззах каби шаҳарларда “Бирдамлик” ҳаракати аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва намойишда қатнашишни истовчилар уйидан чиқарилмагани, айримлари эса ички ишлар бошқармаларига олиб кетилгани хабар қилинмоқда.

“Бирдамлик” ҳаракати Ўзбекистон ҳибсхоналарида тутқунликда сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Гулбаҳор Тўраева ва Умида Ниёзованинг озод қилиниши ҳамда кам таъминланган аёлларнинг ижтимоий ҳимояси оширилишини талаб қилиш ниятида эди.

“Оқ ниятли норозилик” номини олган митингнинг фақат бир иштирокчиси - Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева Тошкент шаҳрининг намойиш ўтказиш кўзланган майдонига етиб келишга ва оқ рўмол ўраб, бу майдонда бир соат туришга муваффақ бўлди.



“Майдонга фақатгина мен етиб келдим ва бир соатча у ерда туришга муваффақ бўлдим. Бироқ намойишда қатнашишни кўзлаган бошқа вакилларимиз, жумладан, “Бирдамлик”нинг Ўзбекистондаги раҳбари Абдулла Тожибой ўғли ҳам уйидан чиқарилмади. Бошқа вакилларимиз эса ички ишлар бошқармаларига олиб кетилди. Жумладан, алянсимиз фаоли Исмоил ал-Ҳошимий ҳозир ички ишлар бошқармасида ўтирибди”, - деди Елена Урлаева.

Унинг сўзларига кўра, митинг ўтказиш кўзланган майдонга эрталабдан таъмирчилар етиб келган ва майдонни эгаллаб олган.

“Бирдамлик”нинг Жиззахдаги митингида қатнашмоқчи бўлган инсон ҳуқуқлари фаоли Саида Қурбонов эса вилоятда бунга мутлақ имкон бўлмагани ҳақида айтади. У шу боис ҳам Тошкентга қараб йўл олган.

“Жиззахда ҳам “Бирдамлик” аъзолари ва уларни қўллаб-қувватловчилар бор. Лекин митинг ўтказишга умуман имкон берилмади. Мени эса Жиззах милицияси Тошкентгача таъқиб қилиб келди”, - дейди С.Қурбонова.

“Бирдамлик”нинг АҚШда яшаётган етакчиси Баҳодир Чориев Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам айни вазият эканини билдирди.

“Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги аъзоларимиз бугун уй қамоғига солинди. Митинг ўтказиш мўлжалланган майдонлардан оқ кийимда юрган оддий фуқароларни ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари қувиб юборди. Айрим фаолларимиз ички ишлар бошқармаларига олиб кетилди. Аммо бирорта вакилимизга жиддий тазйиқ бўлгани ҳақида ҳозирча хабар олганимиз йўқ”, - деди Б.Чориев.

Б.Чориев яна бу каби митингларни уюштиришга ҳаракат қилинишини, навбатдаги тадбир 21 март – Наврўз байрамига мўлжалланганини маълум қилди.