Бу йиғилишда уранни бойитиш дастурини тўхтатишдан бош тортган Эронга нисбатан янги санкциялар жорий қилиш ҳақидаги резолюция овозга қўйилади. Бироқ Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Жанубий Африка Республикасининг БМТдаги элчиси Думисани Кумало резолюцияга овоз бериш санаси ҳозирча аниқланмаганини билдирди. 16 март куни АҚШ ҳукумати Эрон раҳбарининг виза учун топширган аризаси қондирилиши ва у БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳига келиб-кетиши мумкинлигини маълум қилди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг янги резолюцияси лойиҳаси Эронга қурол-яроғ экспорт қилиш, Теҳроннинг ядровий дастурга алоқадор расмийлари ва ширкатлари банк ҳисобларини музлатиш ҳамда жаҳон ҳукуматлари ва халқаро ташкилотларнинг Эронга қарз беришни тўхтатиши каби чораларни ўз ичига олган.