Қочиш навбати хитойликларгами?

Хитойнинг “Sinopec” компанияси Ўзбекистонда нефть қазиб чиқариш лойиҳасидан воз кечди. Маълум бўлишича, Фарғона водийсидаги нефть конларини ўзлаштириш билан боғлиқ бу лойиҳа қиймати 110 миллион доллардир.
Хитой компанияси Ўзбекистонда нефт қазиб олиш учун солинадиган юқори солиқлар ўзини қониқтирмаганини даъво қилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси эса “Sinopec”нинг бундай даволари асоссиз экани, чунки у Ўзбекистон раҳбариятига бундай эътирозлар билан мурожаат қилмаганини билдиряпти.

“Ҳамкорлик тўғрисида меморандумга имзо қўйгандан кейин ҳам “Sinopec” Фарғона водийсида шу вақтгача ҳеч қандай иш бошламаганди,- деди “Ўзбекнефтгаз” компаниясининг инвестициявий лойиҳалар бўлими раҳбари Умид Исроилов. - 2003 йилдан бери ўша лойиҳани ковлаб ётибти, ҳалигача ҳеч нимани бошламаган. Пули йўқдир. Лекин баҳона топиши керак-ку. Солиқлар қониқтирмаган бўлса, қўшимча имтиёзлар сўраши мумкин эди. CNPC (Хитой миллий нефть корпорацияси) ишлаяпти-ку”.

Лекин Ўзбекистон нефть-газ соҳасини мунтазам кузатиб келаётган журналист Дмитрий Поваровнинг айтишича, бугунги кунда Хитойнинг энг қудратли CNPC корпорацияси ҳам Ўзбекистондаги фаолиятини аввал даъво қилган жадаллик билан давом эттираётгани йўқ.

“Ҳозир улар нефть ва газ қазиб чиқариш эмас, кўпроқ геология-қидирув ишларига эътибор қаратмоқда. Улар фақатгина геология-қидирув ишлари натижаларига қараб, кейинги фаолиятини кўриб чиқади”, - деди Д.Поваров.

“Ўзбекнефтгаз” расмийлари “Sinopec” компаниясидан охир-оқибат етиб келмаган сармоялар учун ачинаётгани ҳам йўқ. У.Исроилов хитойликлар кучи етмаган мазкур лойиҳаларга ўнлаб сармоядор келиши мумкинлигини таъкидлади.

“Газпром”, “Лукойл”, Малайзиянинг “Петронас” ва Жанубий Корея компаниялари ишлаяпти. Бу йил 400 миллион доллардан кўпроқ тўғридан-тўғри сармоя оламиз”, - деди У.Исроилов.

“Ўзбекнефтгаз” мулозимларининг жорий йилда кутилаётган сармоялар миқдори борасидаги башоратлари тасдиқланса, бу мамлакатнинг нефть-газ соҳасига ўтган йилга қараганда икки баробар кўп сармоя келади, демакдир.

Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар марказининг билдиришича, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши, асосан, нефть ва газ соҳасига жалб этилган сармоялар ҳамда табиий захиралар экспорти ҳисобига таъминланмоқда.