Қирғизистон: Сиёсий бўҳрондан чиқиш йўллари

Қирғизистон пойтахти Бишкекда муддатсиз намойишлар ўтказаётган мухолифат тарафдорлари 19 апрель митингларнинг ҳар қилувчи куни бўлишини эълон қилган эди.
Мана шундай вазиятда қирғизистонлик сиёсатшунослар мамлакатдаги сиёсий жараёнлар қандай давом этиши, мухолифат ва ҳокимият ўртасидаги зиддиятни қай тарзда ҳал этиш йўллари тўғрисида фикр билдирмоқда.

Сиёсатшунослар фикрича, мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги зиддиятни бартараф этиш учун, энг аввало, мамлакат бошқарув тизимини ислоҳ этиш зарур. Бошқарув тизими ислоҳ этилмагунича, сиёсий қарама-қаршиликлар турли кўринишларда давом этаверади.

“Парламент бошқарувини амалга киритиш ва парламентни партиявий асосда шакллантириш талабини ҳукуматга етказганмиз. Президент бошқаруви Қирғизистонда мунтазам оилавий бошқарув принципларига ўтиб кетишини исботлади. Шунинг учун мамлакатимизда парламент бошқарувига ўтилмас экан, мухолифат ва ҳокимият ўртасидаги зиддият бартараф этилмайди”, - дейди Демократик кучлар иттифоқининг Жанубий Қирғизистондаги раҳбари Асан Аттоқуров.

Сиёсатшунос Советбек Акматовнинг айтишича, Қирғизистондаги бугунги воқеалар, сиёсий жараёнларда халқнинг кенг қатлами иштироки бошқарув тизимининг очиқ ва адолатли бўлишига замин яратади.

“Халқнинг кенг қатлами бу жараёнларда фаол иштирок этаётгани сиёсий онгимизнинг шаклланаётгани, ўсаётгани белгисидир. Бу борада қўшни давлатларга нисбатан анча олдиндамиз. Бугунги воқеаларни зарурий демкоратик жараён сифатида қабул қилмоғимиз лозим. Мана шу жараёнлар туфайлигина соф демократик ва ҳуқуқий давлат пойдеворини қура оламиз”, - дейди Советбек Акматов.

Сиёсатшунос Ойбек Исаев эса Қирғизистонда кейинги икки йил ичида кучайиб бораётган сиёсий зиддият мамлакат яхлитлигини барбод қилади, деган фикрда.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Қирғизистон жанубидан бўлган Қурманбек Бақиев ва шимолдан бўлган мухолифат раҳбари Феликс Қулов ўртасида ҳокимият талаш бўляпти, холос.

“Қурманбек Солиевич бугун мамлакат яхлитлигини, бўлинмаслигини сақлаб қолиш тўғрисида жуда теран ўйланиши лозим. Ҳокимиятда мамлакат шимоли ва жануби вакиллари тенг равишда ваколатланиши лозим. Иккинчидан эса амалдаги президент собиқ президент Ақаев давридаги сиёсий элитадан воз кечиши зарур. Президентнинг энг катта хатоси уларни шу кунгача ҳокимиятда сақлаб келаётганидир”, - дейди Ойбек Исаев.

Сиёсатшунослар таъкидича, Қирғизистонда сиёсий бўҳрон юзага келишида, биринчи навбатда, президент Бақиев айбдордир. У 2005 йил 24 март инқилоби ғояларига хиёнат қилган, яъни парламентга адолатли қайта сайлов, конституциявий ва иқтисодий ислоҳотларни ўтказмаган, барча амалларда коррупциялашган амалдорларни сақлаб қолган ва оиласини давлат ишларига аралаштирган.

Шу билан бирга, сиёсатшунослар бугунги вазиятда президентнинг муддатидан олдин истеъфога кетиши Қирғизистонни ҳокимият учун кураш олиб борувчи турли сиёсий гуруҳларга бўлиб ташлайди ва мамлакатни фуқаролар уруши ёқасига келтириб қўяди, деб ҳисоблайди.

“Қирғизистоннинг энг катта фожеаси миллий лидернинг йўқлигидир. Биз мафкураларимизни умумийлаштириб, миллий лидерни топганимиздагина бўҳрондан чиқа оламиз”, - деди Демократик кучлар иттифоқи вакили Асан Аттоқуров.