Махмурда камида эллик киши ҳалок бўлди

Ироқ полицияси Бағдод марказида содир этилган портлаш оқибатида камида 17 одам ҳалок бўлганини билдирди.

Автомобилга ўрнатилган бомба ҳужумларининг олдини олиш мақсадида АҚШ кучлари Бағдодда хавфсизлик амалиётлари ўтказмоқда.

Ироқ шимолидаги, асосан, курдлар яшайдиган Махмур шаҳрида юк машинасига ўрнатилган бомба портлагани оқибатида камида 50 одам нобуд бўлди, 70 нафари яраланди.

Шунингдек, “Ал-Қоида” шанба куни Бағдод жанубида уюштирилган ҳужумда Американинг бир неча ҳарбийси асир олингани, тўрт нафари ўлдирилганини иддао қилди. АҚШ ҳарбийлари бедарак йўқолган ироқлик таржимон ва америкалик уч аскарни қидирмоқда.

“Биз бедарак йўқолган уч аскарни қидириш ишларини давом эттиряпмиз. Бу ишга АҚШнинг тўрт минг ҳарбийси ва қўшимча кучлар сафарбар қилинган. Қидирув ишларига ҳаво кучлари ҳам жалб этилган”, - деди АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари матбуот котиби генерал-майор Уильям Калдвелл.