Франция президенти Эронни огоҳлантирди

Франция президенти Николя Саркози Эронни ўзининг ядровий дастури масаласида жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилишга чақирди, акс ҳолда Эронга қарши янги кучайтирилган санкциялар жорий этилишидан огоҳлантирди.

Н.Саркози Германия ОАВга берган интервьюсида Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей тутаётган позицияни ҳам танқид қилди. Ал-Барадейнинг фикрича, Ғарб Эрондан уранни бойитишни бутунлай тўхтатиш ўрнига ундан ўз ядровий дастуридан тинч мақсадларда фойдаланиш билан чекланишни талаб қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунингдек, БМТ Эронга уранни бойитишни тўхтатиш учун берган 60 кунлик муҳлат ҳам тугади. Айни шу масалада Атом энегрияси халқаро агентлигининг ҳисоботи эълон қилинди.

“Эрон БМТ Хавфсизлик кенгаши талабларини рад этиб, ўзининг уранни бойитиш дастурини давом эттирмоқда”, - дейилади агентлик ҳисоботида.

Ҳужжатда айтилишича, Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ўрнига бу борадаги ишларини жадаллаштирган.