Лех Качински Вашингтонга йўл олди

Польша президенти Лех Качинскининг АҚШга бошланаётган уч кунлик сафари давомида муҳокама қилинадиган энг асосий мавзу Вашингтоннинг ракета ҳужумидан мудофаа тизими қисмларини Польшага жойлаштириш масаласидир.
Душанба куни Оқ уйда Польша раҳбари ва АҚШ президенти ўртасида ўтиши белгиланган сўзлашувлар июнь ойида бошланган музокараларнинг бевосита давоми бўлади.

АҚШ Польша ва Чехияда ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштиришдан мақсад Эрон ва Шимолий Кореянинг эҳтимолий ҳужумини бартараф этиш эканини айтиб келади. Бироқ Россия бунга кескин эътироз билдириб, бу режа ўзининг миллий хавфсизлигига очиқдан-очиқ таҳдид эканини таъкидлаётир.

Шанба куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномада иштирокини тўхтатишга қаратилган фармонни имзолади.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кисляк Россиянинг бу ҳаракати НАТОнинг Шарққа томон кенгайиши ва юқорида тилга олинган шартномани бузиши оқибати эканини таъкидлади.

Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги ҳужжат 1990 йилда НАТО ва Варшава шартномасига аъзо давлатлар ўртасида тузилган эди. 1999 йилда унга ўзгартишлар киритилган, аммо НАТО аъзолари Россия шартномада кўзда тутилганидек, Молдова ва Грузиядаги ўз қўшинларини олиб чиқмагани сабабли уни ратификация қилмаган эди.

НАТО, АҚШ ва Европанинг бир неча давлати Россиянинг шартномадан чиқиш қароридан чуқур тааccуф билдирди. Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари “Рейтер” ахборот агентлигига берган интервьюсида: “Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартнома совуқ урушдан кейин вазиятни ушлаб турган энг муҳим ҳужжатлардан биридир. Биз эса бу келишувни, албатта, айрим ўзгартишлар ва янгиланишлар билан сақлаш тарафдоримиз. Биз келишувдан чиқиш ва Россиянинг келишувдан чиқиши тарафдори эмасмиз”, - деди.

Лех Качинскининг шу каби масалаларни АҚШ раҳбари билан муҳокама этишни кўзда тутган сафари давомида Польша ҳарбийларининг Ироқдаги иштироки масаласи тилга олиниши кутилаётир. Пайшанба куни эса Лех Качински АҚШнинг собиқ президенти Роналд Рейганни хотирлаб, унинг рафиқаси Нэнси Рейганга Польшанинг юксак мукофотлардан бири – “Оқ бургут” орденини тақдим қилиш ниятида.