Бундестаг депутати Ўзбекистонда “демократия ва суд мустақиллиги” ривожини кўрди

Ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш учун Тошкентга келган Германия парламенти делегацияси раҳбари Вульф Бауэр бу ташрифдан мақсад Ўзбекистон– Германия муносабатларини ривожлантириш эканини маълум қилди.
Бундестаг делегациясининг Тошкентга навбатдаги сафари Германия ва Ўзбекистон парламентлари ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилди. Немис парламенти вакиллари ташриф доирасида бир неча семинарларда иштирок этди.

Делегация раҳбари Вульф Бауэрнинг айтганларини Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган “Немис тўлқини” радиосининг собиқ мухбири Юрий Черногаев диққат билан эшитди.

“Унинг гаплари, Ўзбекистонда демократия ривожланмоқда, судлар мустақил бўлмоқда, қабилида эди”, - деди тошкентлик журналист.

“Би-Би-Си” мониторинг хизматининг “Ўзбекистон” телеканалидан иқтибос келтириб ёзишича, немис делегация раҳбари: “Албатта, бир-биримизга бўлган ишонч нафақат парламентлараро муносабатларнинг, балки турли соҳалардаги алоқаларнинг ривожланиши учун асос бўлади”, деб айтган.

Ўзбекистондаги маҳаллий оммавий ахборот воситаларга интервью беришдан ўзини тия олмаган Вульф Бауэр “Озодлик” мухбири саволларига жавоб беришдан бош тортди.

“Менинг ҳеч қандай изоҳ ёки интервью беришга иштиёқим йўқ”, - деди В.Бауэр.

Айрим таҳлилчилар фикрича, Германиянинг Ўзбекистонга нисбатан юритаётган сиёсати мазкур минтақада тўлақонли демократияни ўрнатиш имконсиз эканидан келиб чиқмоқда.

Германия ташқи сиёсат кенгашининг постсовет давлатлар бўйича директори Александр Рарнинг айтишича, Германиянинг асосий стратегияси аввалига иқтисодиёт ва сиёсатда ўзаро боғлиқлик яратишдир.

“Германия депутатларининг аксарияти Ўзбекистоннинг Беларус каби бир бурчакка тиқилиб қолишини истамайди. Германиянинг мавқеи Андижонда бўлган воқеани унутиш ёки ҳукуматнинг ўша воқеалардаги ҳаракатларини кечириш эмас. Германия ҳамкорлик ёрдамида Ўзбекистон ҳукуматининг келажакдаги сиёсатини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда”, - деди А.Рар.

Германиянинг Марказий Осиёга нисбатан янги стратегияси ҳам айни шу тамойиллар асосига қурилган. Ўзбекистонлик кузатувчилар сўзларига кўра эса ҳозирча бу сиёсат на Ўзбекистонни Европа Иттифоқига яқинлаштирди, на мамлакат ичкарисида демократик ўзгаришларга сабаб бўлди.