“Шаҳзода” уч йил “ахлоқи”ни тузатади

Андижон вилояти собиқ ҳокими Қобилжон Обидовнинг ўғли Улуғбек Обидов ойлик маошининг 30 фоизини давлат ҳисобига ундириш шарти билан уч йиллик ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилди.
Андижон судининг бу ҳақдаги ҳукми тафсилотлари ҳақида “Фарғона.ру” ахборот сайти хабар қилди.

1993-2004 йиллар давомида Андижон вилоятига ҳоким бўлган Қобилжон Обидовнинг ўғли Улуғбек отаси амалдан тушгандан кейиноқ ғойиб бўлган ва унга қидирув эълон қилинган эди.

Бу ҳақда Андижондан хабар берган, аммо ўз шахси ошкор этилишини истамаган манбанинг маълум қилишича, Улуғбек Обидовнинг суди Андижон вилояти телевидениесида ҳам кўрсатилган ва унда Улуғбек Обидов қилган барча айбларига иқрор бўлиб, тавба қилган.

Бироқ У.Обидовга қўйилган айбловлар ва унга берилган жазо эътиборни тортади. Унга Андижон вилоятида бир неча йирик молиявий жиноятлар содир этиш, давлат мулкини ўзлаштириш, жамоат тартибини бузиш, безорилик, давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш каби кўплаб айблар қўйилган.

Андижондаги манбанинг айтишича, У.Обидов Қирғизистон фуқароси экани кўрсатилган сохта ҳужжатдан ҳам фойдаланган ва ўша ҳужжат билан қўлга олинган.

У.Обидовни шахсан танийдиган ва унинг қилмишларидан хабардор бўлган андижонлик суҳбатдош эса “Андижон “шаҳзодаси” ўз вақтида товламачиликда ҳам айбланган ва бу Ўзбекистон телевидениеси орқали ҳам намойиш этилган эди, деб эслайди.

“1995 йилда Ўзбекистон телевидениесидаги “Муносабат” кўрсатувида Улуғбек ва унинг яна бир қариндоши товламачилик билан шуғуллангани танқид қилинган эди. Ундан кейин ҳам “шаҳзода”нинг Андижондаги жиноятлари, масалан, банкларга тўғри кириб бориб, ҳеч сўроқсиз нақд пул олгани роса овоза бўлган. Собиқ ҳокимнинг ўшанда жазосини олмаган эрка ўғли ҳозир ҳам жазо олгани йўқ, деб ҳисоблайман”, - дейди андижонлик суҳбатдош.

Андижонлик бошқа бир суҳбатдош ҳам “ун, ёғ, спирт заводлари, пул келтирадиган бошқа корхоналардаги коррупцияни бошқарган йигит”га белгиланган бу жазони жазо, деб бўлмаслигини таъкидлади.

“Унга бериладиган энг юмшоқ жазо ўзлаштирган халқ мулкини қайтариб олиш эди. Бунинг ўрнига эса ахлоқ тузатишга ҳукм қилинди. Шубҳасиз, бу ерда Қобилжон Обидов ва Улуғбекнинг ўзи йиғиб қўйган каттагина маблағ судга пора сифатида берилган. Шунинг учунгина у озодликка чиққан”, - дейди суҳбатдош.

“Андижон шаҳзодаси” қилмишлари билан ўз вақтида президент Ислом Каримовнинг ҳам оғзига тушганди. 2004 йилда Қобилжон Обидовни ишдан олиш учун Андижонга борган И.Каримов фарзанди учун отага танбеҳ берган эди. Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Акбаржон Орипов буни эслар экан, аслида Ўзбекистондаги бугунги сиёсий тузум амалдор отанинг пулдор эркатойлари учун жуда қулай муҳит яратиб берганини айтади.

“Улуғбекдан ҳеч қолишмайдиган жиноятларни содир этган ўнлаб бойвачча фарзандлар эмас, айнан унинг жазога тортилиши, президент Каримов оғзига тушиши, шубҳасиз, отаси сабаблидир. Андижон қолиб Фарғонада обрўси ошиб кетган, таъсири кучайган Қ.Обидовни ишдан олиш учун Каримов унинг ўғлини дастак қилди, холос. Андижон суди эса аввалига оғир-оғир жиноятларни бўйнига қўйиб отани озод қилиб юборди. Кейин эса бу тақдир ўғилда такрорланди. Мақсад эса отадан қутулиш, ўғилнинг эса пулини олиш бўлган”, - дейди А.Орипов.