БМТ махсус вакили Иброҳим Қамбарий Мьянма мухолифати етакчиси, ҳозир уй қамоғида сақланаётган Аун Сан Су Чжи билан учрашди.

Бундан аввалроқ у Мьянма пойтахтида ҳарбий хунта етакчилари билан музокаралар ўтказганди.

Су Чжи 1991 йилда Нобел мукофоти совриндори бўлган ва Мьянма демократик кучлари ҳаракатининг тимсолига айланган шахсдир. Унинг етакчилигидаги “Демократия йўлидаги миллий лига” ҳаракати 1990 йилда ўтказилган сайловда тўла ғалаба қозонган, аммо бу натижа мамлакат ҳарбийлари томонидан бекор қилинган эди.

И.Қамбарийнинг Мьянмага бу сафари ва мамлакат сиёсий етакчилари билан учрашувлари хунтанинг тинч намойишчиларга нисбатан куч ишлатишни тўхтатишга эришишга қаратилган.

Якшанба куни яна ўн минглаб аскар ва полициячи кутилаётган намойишнинг олдини олиш учун мамлакатнинг катта шаҳарлари бўйлаб ёйиб ташланди.