24 ноябрь куни Равалпинди шаҳрида Покистон хавфсизлик кучларига қарши уюштирилган икки худкуш ҳужуми оқибатида камида 16 одам нобуд бўлди, бир неча киши яраланди.
Армия матбуот вакили генерал-майор Воҳид Аршод ҳар икки портлаш ҳам худкушлар томонидан амалга оширилганини билдирди.
Пойтахт Исломободдан жанубда жойлашган Равалпинди гарнизонида Покистон армиясининг бош қароргоҳи ва президент Парвез Мушаррафнинг ҳарбий кабинети жойлашган.
Шанба кунги портлашлар учун масъулиятни ҳозирча бирор гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.
Покистонда жорий йилда амалга оширилган худкуш ҳужумларнинг аксарини Афғонистон чегараси яқинидаги толиблар тарафдори бўлган жангарилар уюштиргани айтилмоқда.
Бироқ мамлакатнинг йирик шаҳарларида ҳам худкуш ҳужумлар содир этилаётгани мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам экстремизм тарқала бошлагани борасидаги хавотирни кучайтирди.
Октябрь ойи охирида ҳам президент Парвез Мушаррафнинг Равалпиндидаги идораси яқинидаги текширув пунктида амалга оширилган ҳужум оқибатида олти киши ўлган эди. Икки ҳафта ўтиб мухолифат раҳбарларида бири, собиқ бош вазир Беназир Бҳуттонинг мамлакатга қайтиши муносабати билан Карачи шаҳрида ташкиллаштирилган намойишда ҳам худкуш ўзини портлатган, натижада 135 киши ҳалок бўлган, ўнлаб фуқаро яраланганди.
Покистонда сиёсий тартибсизлик юзага келганидан сўнг Парвез Мушарраф 3 ноябрда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу эса мавжуд вазият янада кескинлашишига сабаб бўлди.
24 ноябрь куни Покистон Марказий сайлов комиссияси октябрда ўтказилган президент сайловида Парвез Мушарраф ғолиб чиққанини эълон қилди.
8 январь куни Покистонда парламент сайлови ўтказилиши режалаштирилган. Кузатувчилар мамлакатда эълон қилинган фавқулодда ҳолат вазиятида бу сайлов эркин ва адолатли бўла олмайди, дея фикр билдирмоқда.
Халқаро ҳамжамият эса П.Мушаррафни фавқулодда ҳолатни бекор қилишга чақириб келаётир.
Буюк Британиянинг собиқ колонияларидан ташкил топган 53 мамлакат аъзо бўлган Ҳамдўстлик раҳбарлари ҳам П.Мушаррафдан фавқулодда ҳолат бекор қилиниши ва мамлакатда демократия қайта тикланишини талаб қиляпти.
Айни пайтда мухолифат раҳбарларидан бири, собиқ бош вазир Навоз Шариф 25 ноябрь куни Покистонга қайтишини эълон қилди. Н.Шарифнинг қарори ҳам Парвез Мушаррафга кўрсатилаётган босимни янада кучайтирди.