Эҳтиёткорлик ва қўрқув манбаи қаерда?

Ўзбекистондаги журналистлар президент сайловидан аввалги вазиятни ва сайловолди кампаниясини ёритишга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Айримлар бундай эҳтиёткорликни қўрқув сифатида ҳам таърифлаётир.
Эҳтимол эҳтиёткорлик ва қўрқувнинг манбаи журналистларнинг ўзида, уларнинг Ўзбекистонда журналистлар таъқиб этилишидан яхши хабардор эканидадир. Ўшлик ўзбек журналисти, президент Ислом Каримовнинг ашаддий танқидчиси Алишер Соиповнинг ўлдирилиши ҳам режимга очиқдан-очиқ қарши чиқаётган журналистлар шаштини пасайтиргандек.

Давлат оммавий ахборот воситалари президент девони ва Марказий сайлов комиссиясидан олинган қатъий кўрсатмалар доирасида фаолият юритяпти. Ўзбекистонда Конституция куни арафасида “конституция” сўзини сайлов контекстида қўлламаслик ўзбек матбуотининг қўшимча эҳтиёткорлик чорасига ўхшайди.

Мустақил журналист Алексей Волосевич давлат матбуотидаги сайловга оид мақолалар атайин сафсатабозликка айлантирилганини айтади.

“Кузатувларимга кўра, матбуотимизда яқинлашаётган сайлов контекстида “конституция” сўзи мутлақо ишлатилмаяпти. Ҳамма жойда Ўзбекистон президенти сайлови тўғрисидаги қонунга ишора қилинади. Бу маънода “конституция” сўзи бирор марта қўлланилган эмас. Чунки конституцияда аниқ-тиниқ айтилганки, бир шахс қаторасига уч муддат президент этиб сайланиши мумкин эмас. Бизда эса бу одам (И.Каримов) президентликка номзод сифатида рўйхатга олинган ва кўринишича, айнан у учинчи муддатга президент бўлиб қолади”, – дейди А.Волосевич.

Айни пайтда 7 декабрь - Конституция куни тантаналари арафасида “Биз Конституцияни биламизми” танлови ўтказилаётгани матбуот диққатидан четда қолмаяти.

Лекин энг қизиғи, дейди Алексей Волосевич, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги президентликка номзодлар биографиясини эълон қилиб, президент И.Каримов 2000 йилда 7 йиллик муддатга сайлангани ҳақида ёзгани бўлди.

“Сурбетларча ёлғон ёзиляпти. Каримовнинг ўшанда 5 йиллик муддатга сайланганини ҳамма билади. Уларнинг ёлғони мана шунақанги болаларча, содда ва аҳмоқона. Буни кўриб, бутун ҳокимият тизимлари буткул ақлан фалаж ҳолга келган, деган хаёлга бориш мумкин”, – дейди А.Волосевич.

Матбуот ва давлат тизимларидаги бундай вазият И.Каримов билан президент сайловида рамзий курашишга бел боғлаган партияларни тўлиқ қониқтиряпти.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Марказий сайлов комиссияси мустақил ва хорижий журналистларга аккредитация беришни анча қийинлаштирганига қарамай, МСК сайловни ёритишга рухсатнома олганларнинг саволларига жавоб бераётгани йўқ. Бугунги кунгача МСК раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов журналистларни атиги икки марта йиғиб, қисқача маълумотни қоғоздан ўқиб берди ва хайрлашди. И.Каримов эса ўз сайловчилари билан учрашаётгани ҳам йўқ, конституцияга зид равишда учинчи бор ўз номзоди президентликка кўрсатилганини шарҳламаяпти ҳам.

“Ҳукуматга бўйсундирилган матбуотдан эса бу саволга жавоб кутиш соддаликдир,- дейди мустақил журналист Сергей Ежков. - Ўзим ҳам сайлов ҳақида ҳеч нарса ёзмай қўйдим. Натижаси аниқ бу сайлов жуда зерикарли ва қизиқарсиз мавзуга айланган. Бизда ҳамма ҳар доим эҳтиёткорлик қилади. Мамлакатимиз шунақа, ҳамманинг ҳар доим эҳтиёт бўлишини тақозо этади. Лекин агар президент Каримов матбуот анжумани уюштириб, унга барча мустақил ва хорижий журналистлар қўйилса, ўйлайманки, Каримовдан конституциянинг тегишли банди ҳақида сўрайдиган журналист топилади”.