Ўзбекистонга фойда таназзул

АҚШ иқтисодиётининг таназзул ёқасига келиб қолгани сабабли дунё бўйлаб компаниялар акциялари нархи кескин пасайишда давом этмоқда. Бу дунё иқтисодиёти учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Осиё қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги пасайиш шу даражага етдики, Ҳиндистонда акцияларнинг умумий нархи 10 фоиз тушиб кетгандан сўнг савдо умуман тўхтатилди. Душанба куни Европа қимматбаҳо қоғозлар бозорида 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террорчилик ҳужуми уюштирилгандан бери кузатилмаган инқироз юзага келди.

АҚШ иқтисодиётининг таназзулга юз тутгани ҳақида ҳозирча ҳеч ким расман эълон қилган эмас. Бироқ Америкадаги кўпчилик иқтисодчилар ва ҳатто АҚШ Федерал захира тизимининг собиқ раҳбари Алан Гринспэн ҳам таназзул бошланганини айтмоқда. Ушбу мураккаб вазиятдан чиқиш режасини тақдим этган президент Жорж Буш истеъмол харажатларини ошириш учун солиқларни 150 миллиард долларга камайтиришни таклиф этди, бироқ сармоядорларни ишонтира олмади.

Дунё иқтисодиёти бир тана, бир жон бўлса, қудратли АҚШдаги иқтисодий бўҳрон худди вирус каби бутун танага - Европа ва Осиё давлатларга тарқалмоқда.

Жаҳон иқтисодиётининг микроскопик бўлакчаси Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам бир қадар шамоллайди. Мутахассислар Ўзбекистон иқтисодиётини “жиддийроқ касалликлар”дан унинг кўп жиҳатдан ёпиқлиги ҳимоя қилиб қолишини айтмоқда.

Ўзбекистон Марказий банкининг ўз исми ошкор этилишини истамаган мулозими сўзларига кўра, глобал иқтисодиётга унча боғлиқ бўлмаган Ўзбекистон ташқи омиллардан ҳимояланганча қолади.

Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Анна Лаис Ҳаггер жорий бўҳрон Ўзбекистон иқтисодиётига бирор жиддий зарба етказиши мумкинлигини башорат қилмайди, аксинча бу вазият Ўзбекистон фойдасига хизмат қилиши мумкинлигини айтади.

“Аслида жаҳон молия бозоридаги бу беқарорлик Ўзбекистонга ёрдам беради, чунки сармоядорлар олтин каби қадрсизланмайдиган маҳсулотларни сотиб ола бошлади ва олтин нархи кўтарилиб кетди ва энди тушмайдиган кўринади. Олтинни экспорт қилаётган Ўзбекистон бундан фойдаланиб қолади”, – деди лондонлик таҳлилчи.

Ўзбекистондаги ёпиқ иқтисодиёт афзалликлари ҳақида фақатгина бугунги молиявий бўҳрон пайтида ижобий гаплар айтиш мумкин. Лекин АҚШдаги иқтисодий таназзулга доллар қийматининг мунтазам тушиб бораётгани ҳам ҳамроҳлик қиляпти.

Марказий банк мулозимининг маълум қилишича, Ўзбекистон валюта захирасининг асосий қисми айнан долларда сақланмоқда. Ўзбекистон аҳолиси қўлидаги жамғармалар ҳам, асосан, АҚШ валютасида.

“Долларнинг сўмга нисбатан қиймати мамлакат ичкарисида жиддий пасайгани йўқ, бироқ ташқаридан олиб келинадиган маҳсулотлар нархи яна ошиши турган гап,- дейди тошкентлик иқтисодчи ва журналист Дмитрий Поваров. - Доллар қийматининг тушиши билан бирга нархлар ошаётганини кузатмоқдамиз. Бугунги кунда 100 доллар бир-икки йил аввалги 100 доллар бўлмай қолди. Инфляция ортиб бормоқда”.

Ўзбекистон ҳукумати доллар қиймати пасайишининг иқтисодиётга таъсирини камайтириш мақсадида валюта захираларининг бир қисмини еврога алмаштира бошлади. Бироқ ҳеч ким доллардан мутлақо воз кечишга шошилмаётир.

Гонконгдаги “Фулбрайт секюритис” компанияси бош менежери Франсис Лун таъкидича, аслида таназзул ёқасида тургани айтилаётган АҚШ иқтисодиётида ҳам, Европа ва Осиёда ҳам иқтисодий ўсиш қайд этилмоқда. Дунё молиявий бозоридаги барча муаммолар ўтган йили ипотека қарзларини тўлай олмай қолган америкаликлар сони ортиб кетганидан бошланганини тасаввур қилиш қийин. Жаҳон бозорларидаги муаммоларни янада кескинлаштираётган асосий омил эса қўрқув бўлиб қолаётир.

“Умуман олганда, ҳозирги вазият молия бозорларида АҚШ иқтисодиётига ишончнинг камайгани ва унинг инқирозга юз тутиши мумкинлигидан қўрқув билан изоҳланмоқда. Бозор ваҳимага тушиб қолган”, – деди Ф.Лун.

АҚШ иқтисодиёти ўтган чорак аср давомида икки марта таназзулга юз тутганди. Бироқ оқибатлари ўта жиддий бўлиши айтилаётган АҚШдаги навбатдаги таназзулни четлаб ўтишдан энди бутун дунё манфаатдор.