Қамоқхоналардаги ўринлар совуб улгурмаяпти

Ўзбекистон суди Умархон Жалилов, Феруз Пўлатов, Қодир Мирзахоновни конституциявий тузумга, жамоат тинчлигига таҳдид солишда айбдор топиб, 9 йилдан 17 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этди.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг бу ҳақда тарқатилган баёнотида айтилишича, уларга қўйилган айблов қалбакилаштирилган ва қийноқлар қўлланилган.

Аввало шуни айтиш зарурки, Қ.Мирзахонов иккинчи марта судланмоқда. У биринчи муддат жазони ўташдан 2004-2005 йилдаги амнистиядан сўнг озод қилинган эди.

“Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова сўзларига кўра, Қ.Мирзахоновга милиция билан ҳамкорлик қилиш таклиф этилган. Бироқ у бу таклифни рад этиб, қўшни давлатлардан бирига чиқиб кетган. У ерда бироз яшагач, яна Ўзбекистонга қайтиб, Қўқон шаҳрида яшай бошлайган. Бундан хабар топган милиция уни қўлга олиш амалиётини ўтказган. Қўлга олиш пайтида Қ.Мирзахонов билан бирга бўлган Рамз Қўшоқов ўзини ўзи ўлдиргани ҳужжатлаштирилган.

Бироқ Васила Иноятова Рамз Қўшоқов қўлга олиш пайтида милиция ходимлари томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракат туфайли ўлган бўлиши эҳтимоли борлигини билдирди. У Қ.Мирзахонов билан бирга уни мутлақо танимаган одамлар ҳам суднинг қора курсисига олиб келинганини айтади.

“Бир кун олдин у бозордан Умархон Жалилов деган қассобдан гўшт олган. Шунинг учун ўша қассобни ва уйига ўз таксисида элтиб қўйган таксичи Феруз Пўлатовни судланувчи сифатида қора курсига олиб келишди”,- дейди В.Иноятова.

Унинг таъкидлашича, судда судланувчилар айбини исботлайдиган ашёвий далиллар кўрасатилмаган, шунга қарамай, судланувчилар 9 йилдан 17 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Судланувчилар ўзларига нисбатан қийноқлар ишлатилганини маълум қилган.

“2,5 ой давом этган судга айбланувчилар манфаатларини кўзлаб кўрсатма берувчи гувоҳлар чақиртирилмади. Судланувчилар, асосан, ашëвий далиллар бўлмаган айблов хулосасига кўра суд қилинди. Судланувчиларга ўта ваҳшиëна қийноқлар бўлган, “Эзгулик” жамияти томонидан ажратилган ҳимоячини эса улар қийноқлар натижасида инкор қилишга мажбур бўлган. Уларнинг бурни синиб кетган ва қулоқлари эшитмайди. Қодир Мирзахонов эса сил касаллигининг энг оғир турига йўлиққан”,- деди В.Иноятова.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидича, мамлакат қамоқларида конституциявий тузимга тажовуз қилиш ва диний оқимларга аъзоликда айбланиб ўн мингга яқин маҳбус сақланмоқда. Ислом Каримов учинчи муддат президентликка сайлангандан сўнг эълон қилинган амнистияда улардан бир қисми қамоқдан озод этилиши ҳам назарда тутилган эди. Жумладан, диний айбловлар билан айбланиб қамоқдан чиқарилган аёллардан бир гуруҳининг тавба-тазаррулари “Ўзбекистон” телеканали орқали эълон ҳам қилинган эди.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиларининг билдиришича, қамоқдан чиқарилганларнинг ўрни ҳали совуб улгурмай туриб, сохта айбловлар билан қамалганларнинг янги гуруҳи қамоқхоналарга кириб келмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати террорчилик ва экстремизмга қарши кураш мамлакат барқарорлигини таъминлашдаги асосий йўналиш бўлиб қолишини таъкидлаб келаётир. И.Каримов ўзининг сўнгги нутқларида ҳам мамлакат аҳолисини яна огоҳликка, сезгирликни сусайтирмасликка даъват этиб келмоқда.