Миллиардлаб доллар нега иқтисодиёт ривожига хизмат қилмаяпти?

  • Замира Шукур
http://tbn0.google.com/images?q=tbn:upuTIqvm4WNiPM:http://img.nr2.ru/pict/arts1/15/32/153297.jpg “Танганинг орқаси” номли иқтисодий дастурнинг бу галги сони Ўзбекистондан чиқиб кетаётган меҳнат мигрантлари ҳодисасига бағишланади. Бугунги кунда бу ҳодиса аксарият ўзбек хонадони учун бегона эмас.
Эрими, ўғлими, эндиликда қизими, аҳли аëлими хорижда ишлаб пул топиб, шу топганининг бир қисми ëки барини уйда қолган яқинларига юбормайдиган оилани бугун Ўзбекистонда топиш амри-маҳол бўлиб қолди. Бу ҳодисанинг Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларидаги манзарасини хоразмлик Наргиза тасвирлайди:

“Кўчада эркаклар қолмаган. Бизнинг кўчада энг катта эркак 8-синф боласи. Ҳатто 10-синфни ўқимасдан кетаëтганлар жуда ҳам кўп. Кўчамизда битта одам вафот этди. Тобутини кўтаришга эса эркак йўқ”.






Ҳар хил тахминларга кўра, Ўзбекистон ташқарисида ишлаётган ва мамлакатга пул жўнатаётган фуқаролар сони 7 миллион киши атрофида. Норасмий ҳисоб-китобга кўра, айни кунларда Россияда 3 миллион, Қозоғистонда 2 миллион, қолган юртларда ҳам яна 2 миллион ўзбекистонлик ноқонуний меҳнат муҳожирлари сафини тўлдириб юрибди. Бу эса қарийб 28 миллионга яқинлашган Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан бир қисми, ишга яроқли аҳолининг эса қарийб ярми демакдир. Бунча катта сонли одамни хорижга иш излаб чиқишга мажбур қилаëтган сабаб, шу оқимга қўшилганлардан бирининг айтишича, жуда оддий.

“Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқлигидан одамлар мана шу ерга келиб бола-чақа боқаман, деб юрибди. 16-17 яшар йигитлар, боласи билан аëллар бозорда ахлат супуриб юради”,- дейди бухоролик мардикорлардан бири.

Бухоролик мардикор айтгандек, ишсизлик ва иқтисодий имконларнинг йўқлиги бугун ишга яроқлик ўзбекистонликларнинг аксарини яқин ва узоқ хорижга иш излаб чиқиб кетишга мажбур қилмоқда.

Жаҳондаги меҳнат миграцияси бўйича етакчи ташкилот ҳисобланмиш “Халқаро меҳнат” ташкилотининг собиқ Совет Иттифоқи бўйича мутахассиси Наталья Шербакованинг айтишича, бунча кўп одамнинг хорижга чиқиб кетиши Ўзбекистон ҳукумати учун қисқа муддатга енгиллик яратиши мумкин.



“Одамлар бир мамлакатдан чиқиб кетар экан, табиийки, меҳнат бозорига нисбатан босимни камайтиради. Фуқаролари четга иш излаб кетаëтган Ўзбекистонники каби ҳукуматлар муайян муддат ичида янги иш ўринлари яратиш ва меҳнат таъминотини яхшилаш борасида махсус дастурлар ишлаб чиқиб, улар ижросига киришиш учун вақтдан ютиши мумкин. Қолаверса, мигрантлар ўз оилаларига жўнатаëтган маблағ ялпи ички маҳсулотнинг каттагина қисмини ташкил этади. Масалан, Ўзбекистонда бу маблағ йиллик ялпи ички маҳсулот ҳажмига тенг ҳам бўлиши мумкин”,- дейди Н.Шербакова.



Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг аксари норасмий, ҳеч қандай қайдсиз кетиб ишлаётгани боис, улар Ўзбекистонда қолган ўз оилаларига ойига ëки йилига қанча маблағ юбораëтганини аниқ ҳисоблашнинг имкони йўқ. Шундай бўлса-да, кўпчилик мардикорлар ойига ўртача 300-400 доллар жўнатиши маълум бўлмоқда. Улар пулни банк орқали жўнатади.

Мустақил иқтисодчилар ҳисоб-китобига кўра, Россия ва Қозоғистонда, асосан, қора меҳнат билан шуғулланаëтган ўзбекистонлик мардикорлар ойига камида 300 доллардан маош олиб, Ўзбекистонда қолган оиласига 100 долларини юборса ҳам мигрантлар банк ва бошқа пул ўтказиш тизимлари орқали жўнатаëтган жами маблағ камида 700 миллион долларни ташкил қилади.

Агар ойлик бу маблағни йилликка айлантирсак, у ҳолда 8,5 миллиард доллар, деган улкан рақам келиб чиқади. Бу эса Ўзбекистон йиллик бюджетидан ҳам анча катта рақамдир. Аслида эса 7 миллиондан ошиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари уйларига юбораëтган пуллар бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин. Зотан, мигрантлар ҳали ҳам йўлини топса, хизмат ҳаққидан тежаш, Ўзбекистондаги махсус хизмат ва солиқ идоралари назарига тушмаслик илинжида топган пулининг аксарини нақд пул шаклида етказишни афзал билади.

Хўш, бунча маблағ бугун ўзбек иқтисодига, Ўзбекистондаги умум ижтимоий-иқтисодий вазиятга қандай таъсир кўрсатмоқда? Авваламбор, бу маблағнинг алоҳида олинган оилада нимага сарфланаëтгани билан қизиқсак. Яна ҳар ой Россиядаги турмуш ўртоқларидан 300 доллар маблағ олиб яшаëтган фарғоналик ва сирдарëлик суҳбатдошларимиз гапиради:

-
Еб-ичишга етиши мумкин, лекин болаларнинг кийим-кечаги, ўқишига етмайди. Чунки ҳамма нарса қиммат. 500дан ками бизга етмайди. 300 доллар зўрға етади. Ўшанда ҳам болаларнинг камчилиги бўлади.

-
Озиқ-овқат ва уйга тўлашга етади. Мен ўзим ҳаракат қилганим учун уларнинг пулларини тўплаб, ремонт қилиш ниятим бор. Лекин қийин барибир. Уни тўплаш керак.

Суҳбатдошлар меҳнат мигранти бўлган турмуш ўртоғидан келаëтган маблағ, асосан, кундалик эҳтиëждан ортмаëтганини айтмоқда. Шу боис, мутахассислар бу пулларнинг Ўзбекистон каби оғир иқтисодий вазиятга тушган мамлакатда ижтимоий портлаш олдини олаëтган асосий омилга айланганини қайд этмоқда. Аммо бунча катта маблағ, мустақил кузатувчилар фикрича, ўзбек иқтисоди тараққиëти учун хизмат қилмаяпти ва йиллардан бери миллиардлаб доллар маблағни Ўзбекистон иқтисоди учун ишлатиш имкони бой берилмоқда.

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, Наманган машинасозлик заводининг собиқ директори, мустақил таҳлилчи Абдувоҳид Паттаев буни Туркия мисолида тушунтирди.

“1970-1980 йилларда Туркияда миграция жуда кучайди. Одамлар ташқарига чиқиб, пул ишлаб, ватанига жўнатди. У фақат оиласини боқиш учун ишламади. Одамлар ташқарида ишлаб топган пулларини Туркия банкларига олиб бориб топширди. Чунки Европада ишлаб топган пулини банкда сақласа, 2-3 фоиз устама олади. Туркия банки эса банкка қўйилган пулга 10 фоиз устама тўлади. Бу гастарбайтерлар учун жуда ҳам қулай”,- А.Паттаев.

А.Паттаев Ўзбекистон иқтисодининг жорий вазиятида меҳнат муҳожирлари ишлаб топаëтган маблағни мамлакат иқтисодига интеграция қилиш долзарб вазифа эканини қайд этган ҳолда узоқ муддатда иқтисодий имконлар излаб ўз юртини тарк этган миллионлаб ишчи кучини ватанга қайтариш ҳукумат учун устивор мақсад бўлиши лозимлигини таъкидлади.

“Ўзбекистоннинг миллий бойлиги бор: пахта, нефть, газ, олтин. Ўзбекистон халқи ҳам юртининг миллий бойлиги. Масалан, битта пахтани етиштириш учун бир йил меҳнат қилади. Газни қазиш учун 5-6 йил меҳнат қилинади. Битта одамни қўлидан иш келадиган қилиб етиштириш учун 20-25 йил вақт кетади. 20-25 йил ичида бир одам ўсиб-улғайиб, қўлидан иш келадиган бўлиб етишган пайтда ўз меҳнатини бошқа бир давлат иқтисодини тиклаш учун сарфлаши Ўзбекистонга фойда келтирмайди. Қайтанга бу зарар. Мана шу кучни ўзида ушлаб қолиб, ўзида ишлатганида эди Ўзбекистон бюджетига солиқ тўланарди. Ўзбекистон иқтисоди тикланган бўларди. Ана шунда Ўзбекистонга фойдаси бўлади”,- деди А.Паттаев.

Унинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтариш борасида Туркия тажрибаси Тошкент ҳукумати учун ўрнак бўлиши мумкин.

“Туркия чиқиб кетганларни мамлакатга қайтариш учун улар ва давлат топган пулларни мамлакат иқтисодига сарф қилиб, банк тизимини, саноатни, туризмни кучайтирди. Ташқаридан пул топиб келган гастарбайтерлар ватанига қайтиб бориб, ўша ерда ўз фирмаларини очиб, топган пулини Туркия иқтисодига сарф қилди, мана бугун Туркия иқтисоди кўтаринки руҳда. Ўзбекистонда ҳам худди шундай бўлиши керак. Бунинг учун эса Ўзбекистонда демократия бўлиши керак, қонунлар либерал бўлиши керак, ишбилармонлар учун кенг йўл очилган бўлиши керак, банклар устидан назорат камайтирилиб, банкларнинг ўзлари ишлаши учун имконият берилиши керак. Шунда одамлар қайтиб келади”,- деди А.Паттаев.

Аммо мустақил мутахассисларнинг бу каби тавсияларига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати меҳнат мигрантлари, улар хорижда ишлаб топаëтган миллиардлаб доллар маблағни қандай ва нима мақсадда назорат қилиш борасида ўзига хос йўл тутмоқда.

2007 йил 15 май куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисоб-китобини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мустақил мутахассислар томонидан миллиардлаб долларни ташкил этувчи бу маблағни мамлакат иқтисодига жалб этиш эмас, балки ундан улуш олиб қолиш уриниши, дея баҳоланди. Россияда ишлаëтган мардикорлар бу қарордан бери Ўзбекистонга боришгаям, уйига пул юборишгаям ҳайиқиб қолганини айтади бу қарорга муносабат билдирган мардикорлардан бири Асадулла ака.

“Ҳукуматнинг, президентнинг кемириб ейдиган ҳеч нарсаси қолмади. Энди битта нарса қолди: мардикорлар тайëр доллар жўнатяпти. Шунга кўз олайтиряпти булар. Буларнинг бошқа иложи йўқ. Дейлик 200 доллар юборилган бўлса, шунинг 100 долларини солиқ, деб олса, булар учун бир омборхона бўлади. Бу битмас-туганмас омборхона бўлади”,- деди Асадулла ака.

Бугун Ўзбекистондан хорижга чиқиб ишлаëтган меҳнат муҳожирлари сонини ҳисоблашга уриниш борми? Меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга юбораëтган ойлик ëхуд йиллик маблағи қиммати қанча? Ҳукумат идораларида бу маблағни мамлакат иқтисоди ривожи учун жалб этиш уринишлари борми? Мамлакат аҳолисининг ишга яроқли ярмини ватанга қайтариб, уларни ўз мамлакатлари иқтисоди ривожига хизмат қилдириш ниятичи? Бу каби саволлар билан айнан кимга мурожаат қилиш борасида Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийси тавсия берди:

“152-25-05. Бу вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик телефони. Ўша ерга мурожаат қилаверасиз. Ўзингизни таништирсангиз, сизга жавоб беришади”.

Аммо кун давомида Ташқи меҳнат масалалари бўйича агентлик ходимларига қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.