ЕИ санкцияларни бекор қилиши мумкин

Ўзбекистон ва Ғарб муносабатларининг илиқлашуви манзарасида Европа Иттифоқининг расмий Тошкентга қарши жорий этган санкциялари борасидаги мунозаралар ҳам авж ола бошлади.
ЕИ Андижонда юзлаб намойишнинг ўлдирилиши ортидан Ўзбекистон ҳукуматига қарши киритилган санкцияларни бекор қилиши мумкин.

ЕИ расмийларининг ишора қилишича, апрель ойида санкцияларни қайта кўриб чиқиш чоғида Ўзбекистон ҳукумати расмийларига қарши 6 ойлик муддатга тўхтатилган виза тақиқи қайта тикланмайди.

Ўзбекистон ҳукумати Ғарб давлатлари билан муносабатларни тиклаш мақсадида НАТО билан яна ҳамкорлик қила бошлади, бир неча сиёсий маҳбусни озод этиб, Халқаро қизил хоч қўмитаси вакилларига маҳаллий қамоқхоналарни бориб кўришга рухсат берди ва ниҳоят яқин кунларда “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ҳам ўзининг Ўзбекистондаги фаолиятини қайта жонлантирадиган кўринади.

ЕИ эса Ўзбекистон ҳукуматини бу қадамлари учун тақдирлашга тайёрга ўхшайди. Ўтган ойда ЕИ комиссиясининг постсовет давлатлар учун масъул мулозими Гуннар Вайганд Ўзбекистонга қарши санкциялар қандай йўсинда бекор бўлиши мумкинлигини ошкор қилди.

“Биз санкциялар Андижон воқеаси сабаб жорий қилинганини билишимиз керак. Лекин ҳозир вазият шундайки, бу санкциялар Андижон воқеасига эмас, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига боғлиқ масалага айланган. Шунинг учун биз энди минтақа давлатларига нисбатан қўлланилаётган иккиюзламачилик сиёсати муаммосига рўбарў бўляпмиз. Нима учун инсон ҳуқуқларини поймол қилаётган бир давлатга қарши санкциялар жорий этиб, инсон ҳуқуқларини топтаётган бошқа давлатни жазоламаймиз”,- деди Г.Вайганд.

Расмий Тошкент ЕИ санкциялари мамлакатнинг халқаро нуфузига етказаётган зарарини камайтиришга ҳаракат қилаётганига ва санкциялар ЕИнинг муаммосидир, дейишига қарамай, Андижон қирғини ҳақида эслатиб турувчи бу санкциялардан имкон борича тезроқ қутилишни хоҳлайди. Бироқ ЕИ уларни бекор қилса, Ўзбекистонга таъсир ўтказиш воситасидан ажралиб қолмайдими?

ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел саволнинг бу шаклда қўйилишига ҳозирча эрта, деб ҳисоблайди.

“Бир ойдан сўнг биз ягона тўхтамга келишимиз керак. Барча фикрларни инобатга олиб қарор чиқарамиз. Ҳозирча санкциялар бекор қилингани йўқ. Шу маънода, санкциялар масаласи очиқ қолаётир. Санкцияларни 6 ой муддатга тўхтатиб турар эканмиз, бунинг эвазига аниқ шартлар бажарилиши лозимлигини ҳам қайд этганмиз. Бошқа томондан, санкциялар тўлиқ амал қилган 2006 йил ноябрь ойига қадар ҳеч нарса содир бўлмаётган эди. Фақат санкциялардан қадам-бақадам чекиниб, мулоқот бошлаганимиздан кейингина Тошкент ҳам қимирлай бошлади”,– деди Пьер Морел.

Кўпгина кузатувчилар Марказий Осиёдаги репрессив режимга қарши жорий этилган санкцияларни бекор қилиш минтақада узоқ муддатли геосиёсий ва энергетик манфаатларини кўраётган ЕИ учун жиддий қийинчилик туғдирмаслигини айтмоқда.

Бироқ Марказий Осиё бўйича етакчи таҳлилчилардан бири Сванте Корнел фикрича, ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати санкциялар жорий қилинган вақтда ҳам, бугунги кунда бу санкциялардан воз кечилаётган пайтда ҳам оқилона бўлмади.

“Менимча, бу санкциялар хато бўлди. Улар Ўзбекистондаги вазиятни яхшилашга ўз ҳиссасини қўшмади ва аксинча Ўзбекистон изоляцияга тушиб, Россия ва Хитойга яқинлашди. Аслида Ғарб билан муносабатлар яхшиланишига санкцияларнинг юмшатилгани сабаб бўлмади, шунчаки Ўзбекистон ҳукумати изоляциядан чиқиб, Ғарб билан алоқаларни бироз яхшиламоқчи бўляпти. ЕИ бу минтақага ҳамон жуда тор қарамоқда. ЕИнинг бу минтақада қилаётган ишларини жиддий сиёсат, деб атаб бўлмайди”,- деди Сванте Корнел.

28 апрель куни ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Люксембургдаги учрашуви давомида Ўзбекистонга қарши санкцияларининг кейинги тақдири борасида навбатдаги қарор қабул қилинади. Сўнг Андижондаги қонли воқеаларнинг уч йиллигига ҳам саноқли кунлар қолади...