Ўзбеклар ҳам “Отасининг қизлари”ни кўради

Гулнора Каримова.

7 апрелдан бошлаб Ўзбекистон ҳаво мавжларида рус тилидаги янги кўнгилочар телеканал пайдо бўлди. Бу телеканални президент қизи Гулнора Каримовага қарашли “Terra Group” медиа холдинги Россиянинг СТС телекомпанияси билан ҳамкорликда ташкил этди.
Ўзбекистон телевидениесини янги кўнгил очар дастурлар билан бойитган янги “СофТС” канали мамлакатдаги сўз эркинлиги ривожига ҳисса қўшмайди, балки Ўзбекистон телевидениесининг келажаги борасидаги хавотирларни янада кучайтиради.

СТС телеканалининг душанба кунги дастурига эътибор қилинг: “Человек паук”, “Моя прекрасная няня”, “Она – мужчина”... Кўрмасангиз ҳам ким учун мўлжалланган ва қандай дастур экани аён.

Мана яна биттаси - “Папины дочки”, яъни “Отасининг қизлари”. Бу ҳам СТС телеканали намойиш этадиган енгилтаккина бир сериал, лекин номида анча маъно яширинган кўринади.

Ушбу ҳажвий сериал қизлари турли ташаббуслар отасининг бошини қанчалик ачитиб юборгани ҳақида...

Президентнинг қизи Гулнора Каримовага қарашли “Terra Group” компанияси ташаббуси билан энди Ўзбекистонда ҳам бу кўрсатувлар бутун мамлакатда намойиш этиладиган бўлди.

“СТС Медиа” компанияси ўзининг Ўзбекистондаги янги телеканали ҳақида маълумот бермаётир.

“Ўзбекистон борасида сизга ҳозирча ҳеч ким ҳеч қандай изоҳ бермайди. Биз ўзимиз ҳақимизда лозим топсакгина гапирамиз. Ҳозир эса айтадиган гапимиз йўқ”,- деди “СТС Медиа” президенти ёрдамчиси Екатерина Шнейдерова.

Лекин аввалроқ “СТС Медиа” президенти Александр Роднянский маҳаллий матбуотга берган интервьюсида “Terra Group” билан биргаликда “СТС Медиа” Ўзбекистондаги телевидение бозорини шакллантириш жараёнини бошқаришини айтганди. Шундай қилиб, Ўзбекистон телевидениеси бир томондан сўз эркинлигидан маҳрум этилиб, бошқа томондан кўнгилочар дастурлар билан янада бойитиладиган бўлди.

Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов фикрича, Ўзбекистонда яна бир кўнгилочар телеканал фақатгина пул ишлаш мақсадида ташкил этилган.

“Бу бизнес, холос. Ўзбекистонда бир кун келиб реклама бозори пайдо бўлиши керак-ку. Пулини эса улар ишлайди”,- дейди Олег Панфилов.

Г.Каримованинг “Terra Group” медиа холдинги “СофТС” каналининг 49 фоиз улушига эгалик қилади. Бугунги кунда Ўзбекистондаги энг йирик медиа холдинг ҳисобланган “Terra Group” таркибига “Terra” ва “Замин” радиолари, “Марказ ТВ” телеканали, “Pan Terra” реклама агентлиги, “BellaTerra” ва “Baby Terra” журналлари киради.