Ўзбекистонда ўлим жазолари қайта кўриб чиқилмоқда

Ўзбекистон Олий суди мамлакатда ўлим жазосига ҳукм қилинган 15 шахснинг жиноят ишини қайта кўриб чиқиб, уларнинг барчасини узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этди.
Шу йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирган “Ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, отув орқали амалга ошириладиган ўлим жазоси умрбод ёки 20-25 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилади.

Ўзбекистондаги “Оналар қийноқлар ва ўлим жазосига қарши” нодавлат ташкилоти раҳбари Тамара Чикунованинг “Озодлик”ка айтишича, Олий судда ўлимга ҳукм қилинган шахсларнинг бу ҳукмлари қайта кўриб чиқилмоқда.

“Бу ҳукмларни қайта кўриб чиқиш худди биз Олий судга ва президентга мурожжат қилганимиздек, якка тартибда кўриб чиқиляпти. Шу пайтгача 15 кишининг ўлим жазоси ҳукми қайта кўриб чиқилди. Ижобий натижалар шуки, бу одамларнинг бирортасига ҳам умрбод қамоқ жазоси тайинланмади, балки улар 20-25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди”,- деди Т.Чикунова.

Унинг сўзларига кўра, ҳукм ўзгартирилгандан кейин бу маҳбуслар Тоштурмадан Андижон, Урганч, Нукус, Қарши, Навоий шаҳарларидаги жазони ўташ муассасаларига юборилди.

Тамара Чикунова бу жараёндаги салбий ҳолатлар ҳақида гапириб: “Шу пайтгача ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги қонунга берилган шарҳ эълон қилинмаган. Шунинг учун ҳам ўлим жазоси ҳукмлари қандай қилиб қайта кўриб чиқилиши ҳақидаги қўлланмага эга бўлмай туриб, бизнинг сўнгги натижани кутишдан бошқа иложимиз қолмаяпти”,- деди.

Ўзбекистонда энди ўлим жазоси бўлмайди. Лекин ўлим жазосига ҳукм қилинганлар орасида жамият учун ҳақиқатан ҳам жуда хавфли бўлган сурункали қотиллик содир қилган одамлар, маняклар, болаларга жинсий зўравонлик қилиб, уларни ҳалокатга етказган кишилар ҳам бўлиши мумкин-ку? Улар қамоқ жазосини ўтаб бўлиб, озодликка чиққандан сўнг яна жамият учун хавф солмайдими?

“Шунинг учун ҳам барча ҳукмларни якка тартибда синчиклаб ўрганиб чиқиш керак,- дейди Т.Чикунова. - Ана шундагина бу одам жамиятга қайтарилиши мумкинми ёки иҳоталаниб қўйилиши керакми, деган саволга жавоб топиш мумкин. Мен ҳеч қачон жиноят қилган одам оқлансин, деб айтган эмасман. Мен доим қонун билан ўзимизни оқлаб, одамларни ўлдиришга қарши бўлганимни айтиб келганман”.

Фарғоналик Маъруфжон Абдураҳмонов фикрича, Ўзбекистон жамиятида оғир жиноят содир қилган кишилар, албатта, жамиятдан узиб қўйилиши лозим. Йўқса, одамларда ана шундай ашаддий жиноятчини озодликкка чиқарган жамиятга қарши нафрат пайдо бўлиши мумкин.

“Қасддан одам ўлдирганлар, бесоқолбозлик билан шуғулланиб доимий равишда болаларни зўрлаш билан шуғулланганлар ва жамият учун, жамият аъзолари учун бошқа бир қанча оғир жиноятлар қилганларни маълум муддатларга қамалиб, сўнг чиқиб кетиши жамиятимиз, Ўзбекистон фуқаролари кўз-қарашларига тўғри келавермайди. Масалан, Данғарада 7-8 та одамнинг машинасини уйига олиб келиб, эгасини ухлатиб, сўнг ўлдириб, автомобилини эҳтиёт қисмларга бўлиб сотган одам бор эди. У қатл қилинганди. Бундай одамларнинг бир кун келиб яна озодликка чиқишига имконият яратиш яхши эмас”,- деди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Ўзбекистонда Тоштурманинг ўлим камераларида кейинги тақдири қандай ҳал этилишини кутиб турган маҳбусларнинг аниқ сонини ҳеч ким билмайди. Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар эса Қорақалпоғистонда янги бунёд этилаётган бир умрлик қамоқхонага жўнатилади.