Хунта Мьянмага ёрдам кучлари киритилишига рухсат берди

Мьянма ҳарбий хунтаси халқаро кўмак ташкилотлари ходимлари табиий офатдан омон қолган фуқароларга ёрдам бериш учун мамлакатга киритилишига розилик берди.

Бу ҳақда БМТ бош котиби Пан Ги Мун Мьянма ҳукумати расмийлари билан ўтказилган музокаралардан сўнг маълум қилди.

Пан Ги Мун 22 май куни махсус миссия билан Мьянмага сафар қилган эди. Бу ерда у ҳукумат расмийлари билан Мьянма аҳолисига инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш масаласини муҳокама қилди.

Халқаро кузатувчилар тахминига кўра, уч ҳафта муқаддам Мьянмада рўй берган тропик циклон оқибатида 130 мингдан зиёд фуқаро нобуд бўлган.