Таҳдидни бўрттириш ортида ҳам манфаат бор

Голливуд режисёри Эркин Ялгашев 1999 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг Қирғизистоннинг Боткен вилоятига бостириб кириши воқеалари асосида фильм суратга олишни режалаштирмоқда.
2000 йилда эса ЎИҲ жангарилари Ўзбекистонгача кириб боришга муваффақ бўлганди. Иккала хуруж ҳам бартараф этилди, лекин ўтган муддат давомида Афғонистон ва Покистонда яшаб қолишга ҳаракат қилган жангари гуруҳлар таҳдиди борасида расмийлар ҳамон бўртириб гапиради.

Боткен ва бир йилдан сўнг ЎИҲ жангариларининг Сурхондарё вилоятининг Сариосиёга туманигача кириб бориши бугун бутун минтақа давлатларининг хавфсизлик сиёсатини шакллантириб қолмоқда. ЎИҲга 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги аксилтеррор кучлар жуда катта талафот етказгани, бу гуруҳлар Покистонда ҳам доимий нишонда бўлгани уларнинг таҳдиди борасидаги чиқишларнинг шаштини пасайтирмади.

Жангарилар, асосан, Ўзбекистондаги репрессив ҳокимиятга қарши қурол кўтараётганини эълон қилиши баробарида уларнинг таҳдиди борасида президент Ислом Каримовдан кўпроқ бонг ураётганларни топиш қийин. Бироқ ўтган давр мобайнида Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзосига айланган Ўзбекистон ўз позициясини қўллаб-қувватлаётган анча салмоқли иттифоқчига эга бўлди. Ўз чиқишларидан бирида КХШТ бош котиби Николай Бордюжа жангари гуруҳлар таҳдидлари кучайиб бораётганини ишонч билан таъкидлаганди.

“Минтақа давлатларида радикал исломий гуруҳлар ўз фаолиятини кенгайтирмоқда. Уларнинг стратегик мақсадлари дунёвий тузумларни ағдариб, Фарғона водийсида халифалик парпо этиш бўлиб қолмоқда. Бу эса уч давлатнинг - Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг минтақавий яхлитлигига таҳдид солмоқда”,- деганди Н.Бордюжа.

Айни пайтда жангарилар Афғонистондаги исёнчи гуруҳлар билан тўқнашаётган НАТО бошчилигидаги халқаро кучлардан қочиб бевосита Марказий Осиёда халифалик ўрната олиши шубҳалантиради. Бироқ минтақадаги радикаллашув манбасини улар ўзлари учун яхши аниқлаб олган кўринади. Жумладан, АҚШ Давлат департаментининг дунё давлатларида терроризмнинг кўлами борасидаги сўнгги ҳисоботида бундай дейилган:

“Ўтган муддат давомида Ўзбекистон ҳукумати террорчилар ёки террорчи ташкилотларга бошпана бермади ва террорчи гуруҳларга ҳамда исломчи радикалларга қарши агрессив кураш олиб борган. Ўзбекистон ҳукуматининг хавфсизликни таъминлаш бўйича репрессив сиёсатидан ташқари бу мамлакатдаги кенг тарқалган қашшоқлик диний эктремистлар урчиши учун шарт-шароит яратган”.

АҚШ Давлат департаменти ўзбеклар раҳбарлигидаги ва асосан, ўзбеклардан таркиб топган ушбу гуруҳларни таърифлаб:“ЎИҲ президент Каримовни ҳокимиятдан ағдариб Ўзбекистонда исломий давлат барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу гуруҳ минтақа бўйлаб содир этилган террорчилик амалиётлари учун масъулдир. Ушбу ташкилот тахминан 500 аъзога эга”,- деганди.

ЎИҲдан ажралиб чиқиб алоҳида террорчи ташкилот сифатида эътироф этилган “Исломий жиҳод” гуруҳи ҳам бор.

“Бу ташкилот вакиллари Ўзбекистондаги дунёвий бошқарувга қаршилик қилиб, уни исломий ҳукуматга алмаштириш учун курашади. “Исломий жиҳод” гуруҳи Германияда олди олинган террорчилик амалиётлари ва 2004 йилда АҚШ ва Исроилнинг Тошкентдаги элчихоналари олдида уюштирилган портлашлар учун масъулдир. Ташкилот аъзолари сони маълум эмас”,- дейилади Давлат департаменти ҳужжатида.

АҚШ Давлат департаменти “Ҳизб ут-таҳрир” партиясининг аксилғарб ва аксилсионистик ғояларини ҳам таҳликали ҳисоблайди. Бироқ террорчилик амалиётларга масъул кўрилмаган ушбу партия террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилмаган.

Шундай қилиб, бир томондан АҚШ таҳдид туғдириши мумкин бўлган гуруҳларни аниқлаб олаётган бўлса, Ўзбекистон ва Россия ушбу таҳдидларни бўрттиришга мойиллик кўрсатмоқда. Ўз сафига кўшимча жангчиларни тортиш мақсадида ўзини “мужоҳид”, деб атайдиган гуруҳ раҳбари Тоҳир Йўлдош ҳам оғзаки тарзда бўлса-да, ўз куч-қудратини намойиш этишга уриниб келади.

Бироқ Покистонда ўрнашиб олган марказий осиёлик жангариларнинг асл имкониятлари қанчалик? Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиёдаги террорчи гуруҳлар бўйича етакчи таҳлилчилардан бири покистонлик журналист Аҳмад Рашид Ўзбекистон гуруҳлари ўз минтақаларига жиддий таҳдид қилиши мумкинлигини шубҳа остига олади.

“Минтақа давлатлатларидан жангариларга келиб қўшилаётган одамлар кўпаймоқда. Афғонистонда ўзбекистонликлар томонидан уюштирилган худкуш ҳужумлар сони ортмоқда. Бу ерда маълум нарсаларнинг содир бўлаётган рост. Лекин Ўзбекистоннинг ўзида бундай нарсалар содир бўлмаяпти-ку. Бу гуруҳларнинг Ўзбекистонга кириб бориши ҳам жуда қийин. АҚШ ҳужумларидан сўнг бу гуруҳларнинг асосий мақсади яшаб қолиш бўлган. Халифалик барпо этиш мақсадлари ҳақида эълон қилган қилган бу одамлар қўлидан ҳеч нарса келмаётганини кўрмоқдамиз”,- деди Аҳмад Рашид.

Ўз исми ошкор этилишини истамаган НАТО мулозимининг айтишича, бугунги кунда айнан Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош ҳудудларида аввалги кунлардагига нисбатан тинчлик ўрнатилган.

Жорж Маршалл марказининг террорчиликка қарши кураш дастурлари директори, профессор Ник Прат фикрича, ўз сиёсий мақсадларини кўзлаб алоҳида сиёсатчилар атайин таҳдидларни бўрттираётгани ҳақиқатдан йироқ эмас.

“Айтишим мумкин, дунёнинг мана шу бурчагида таҳдидни топишдан манфаатдорлик бор. Бу таҳдидлар йўқ эмас, албатта, лекин бу улардан фақатгина сиёсий мақсадларда фойдаланилмоқда”,- дейди профессор.

Боткен воқеалари ҳақида фильм суратга олаётган Голливуд режисёрининг бу омилларни қанчалик эътиборга олиши фақат фильм чиққандан сўнг маълум бўлади.