Халқаро ташкилот огоҳлантиряпти

Озиқ-овқат нархларининг ортиши, Халқаро қизил хоч қўмитасининг огоҳлантиришича, уруш содир бўлаётган минтақаларнинг миллионлаб одамлари учун ниҳоятда азиятли бўлади.
Ўтган йили ХҚХҚ уруш сабабли уйсиз қолган дунёнинг 4 миллион аҳолисига ёрдам кўрсатган. Ҳозир эса қароргоҳи Женевада жойлашган бу ташкилот уйсиз қолган одамлар аҳволи янада ёмонлашиши мумкинлигини айтмоқда.

“Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ортгани ташкилотимизни жиддий ташвишга солмоқда. Ҳозирнинг ўзида бунинг оқибатларини Африкада, жумладан, Марказий Африка Республикаси ва Чадда кўрмоқдамиз”,- деди ташкилот вакили Пьер Крахенбул.

ХҚХҚ матбуот вакили Марсал Айзард муаммо кўлами анча жиддийлигини билдирди.

“Ғарбдаги ўртача оила ўз даромадининг 15 фоизини озиқ-овқат маҳсулотларига сарфлаши мумкин. Камбағал давлатларда бу кўрсаткич 50 фоизгача етса, уруш минтақаларида аҳоли ўз даромадининг 75 фоизини овқат учун сарфлашга мажбур. Бу эса улар яшаб қолиш учун қолган барча нарсаларидан, дори-дармонлардан тортиб таълим олишдан воз кечишини англатади. Ҳозирнинг ўзида Сомали, Чад, Афғонистон ва Гаитидаги вазият қанчалик оғирлигини кўрмоқдамиз”, – деди Марсал Айзард.

Жорий йилда БМТ ўзининг Жаҳон озиқ-овқат дастури учун қўшимча 775 миллион долларлик кўмак сўраган эди. Айни пайтда ХҚХҚ ўз ёрдам кўламини пасайтирмасликка ҳаракат қилиши ҳақида айтаётир. Шунинг учун 2008 йилда бу ташкилот ҳам донор давлатларининг қўшимча ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин.