Ўзбекистонлик ихтирочи нуфузли халқаро мукофот олди

Ўзбекистонлик ихтирочи Герман Трешалов атроф-муҳит ҳимояси учун энг нуфузли “Энержи Глоуб” мукофоти совриндори бўлди. Бу йилги совриндорлар орасида атроф-муҳитни ҳимоя қилувчи “Грин Крос” ташкилоти асосчиси, СССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачев ҳам бор.
Брюсселдаги Европарламент биносида бўлиб ўтган совринларни тақдим этиш маросимида БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан ва Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозу ҳам иштирок этди.

Ўзбекистонлик Герман Трешалов тўғон қурмасдан махсус турбиналар ёрдамида электр қувватини ишлаб чиқариш усулини математик усулда исботлаб берди.

Бугунги кундаги энергия тақчиллиги шароитида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида аҳамиятли, деб топилган ушбу ихтиро илк бор юксак баҳоланди.

Бироқ Герман Трешалов совринни топшириш тақдимотида шахсан қатнаша олмади. Маросимда унинг вакили сифатида иштирок этган Асқар Жуманов «Озодлик» билан суҳбатда бунинг боисини Г.Трешаловнинг ўз вақтида Ўзбекистондан чиқиш визасини ололмагани билан изоҳлади.

Асқар Жуманов: Бу мусобақада ғолиб бўлганимизни бизга айтишганида Герман Трешаловнинг Ўзбекистондан чиқиш визасини олишга вақти етмаëтган эди. Шу сабабли менинг рухсатномам бўлгани учун вакил қилиб жўнатишди.

Озодлик: Демак, чиқиш визасини ола олмагани сабабли Герман Трешалов бевосита анжуманда ва совринни тақдим этиш маросимида иштирок этмаган. Нима учун Г.Трешаловнинг ихтиросини аҳамиятли, деб топишди?

Асқар Жуманов: Бу мусобақада 100 тага яқин лойиҳа ғолиб топилган. Шулар орасида бизнинг лойиҳамиз Ўзбекистоннинг фахрий ëрлиғи билан тан олинган. Бунинг сабаби Г.Трешалов кашф этган гидродинамикадаги махсус бир таъсирга асосланган лойиҳа бўлган. Қоғозда бу лойиҳанинг математик ўлчовларини кўрсатиб, уни амалга ошириш мумкинлигини исботлаб берганимиз учун бизни ғолиб, деб тан олишди.

Озодлик: Трешаловнинг ихтироси ҳақида қисқа қилиб нима дея оласиз? Бу энергетика соҳасига нима олиб келиши мумкин?

Асқар Жуманов: Бу ихтирода гидродинамиканинг махсус таъсир доираси кашф этилгани улкан аҳамиятга эга.

Озодлик: Бу гаплар тингловчиларга тушунарсиз. Бу ихтиро нима қилишга ëрдам беради?

Асқар Жуманов: Анъанавий тўғон плотиналари қуриш ўрнига бизнинг лойиҳамизда кўрсатилган турбиналарни дарë ëки кичкина каналларга ўрнатиб, унумли бир энергия ишлаб чиқаришга имконият беради.

Озодлик: Яъни тўғон қурмасдан турбиналар қуриш мумкинлигини исботлаб беряпсизлар?

Асқар Жуманов: Худди шундай.

Озодлик: Буни ҳаëтга тадбиқ этиш қанчалик реал, деб ўйлайсиз?

Асқар Жуманов: Буни ҳаëтга тадбиқ этиш учун катта сармоялар керак бўлади. Катта ишчи кучи ва катта маблағ талаб қиладиган тўғонлар ўрнига ишчи кучи кам талаб қилинадиган ва оз сармоя кетадиган турбиналар қўйишнинг ўзи келажак технологияларидан биттаси бўлиб топилади.

Озодлик: Қисман топилди ҳам. «Энержи Глоуб»дан ташқари қанақадир қизиқиш билдирилмоқдами?

Асқар Жуманов: «Энержи Глоуб» биз учун катта бир имконият яратиб берди. Биз Евроанинг алтернатив энергетика ишлаб чиқариш билан машғул бўлган ва ўшанга қизиқиш билдирадиган кўпгина фирмалари вакиллари билан танишдик. Улар билан алоқа ўрнатдик. Келажакда улар билан мулоқотда бўламиз. Айниқса, Нидерландиянинг битта компанияси бизга қизиқиш кўрсатяпти. Ҳаммасини энди келажак кўрсатади.

Озодлик: Ўзбекистоннинг ўзида бунга қизиқиш борми?

Асқар Жуманов: Ўзбекистон фуқаролари сифатида биз бу кашфиëтдан фахрланамиз. «Энержи Глоуб»нинг фахрий ëрлиғига сазовор бўлганимиз эълон қилингандан сўнг биз маҳаллий ОАВга Интернет ва телефон орқали хабар бердик. Лекин улар бу нарсага аҳамият бермади. Ўйлайманки, мана шу жараëнлар туртки бўлиб, келажакда расмий доиралар бизга ëрдам кўрсатишига умид қиламиз.