ЕИ Россия-Грузия муносабатларига аралаша бошлади

Москва ва Тбилиси ўртасидаги муносабатлар таранглашган вақтда томошабин бўлиб турган Европа Иттифоқи расмийлари энди бу муносабатларни юмшатишга ҳаракат қила бошлади.
4 июнь куни Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашган ЕИ ташқи алоқалар мутасаддиси Бенита Ферреро-Вальднер асосий эътиборини Абхазия масаласига қаратди. ЕИнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича раҳбари Ҳавьер Солана эса 5 июнь куни Грузия ва Абхазияга сафарини бошлади.

Ўтган ойда Грузия расмийлари Росссиянинг Абхазиядаги хатти-ҳаракатлари урушга олиб келиши мумкинлиги борасида Брюсселни огоҳлантирганда ҳам ЕИ Тбилисига арзимаган делегациясини юбориб, вазиятга жиддий аҳамият қаратмаганди.

Ҳозир эса бунинг мутлақо акси бўлмоқда. ЕИнинг бирданига икки энг юқори мартабали расмийси Россия ва Грузия ўртасида воситачилик қила бошлади.

Пайшанба куни Европа парламентида нутқ сўзлаган Бенита Ферреро-Вальднер хоним ўзининг Россияга ташрифи давомида, асосан, Грузия масаласига эътибор қаратишини билдирди. Ўз нутқи давомида у кўпроқ Россия ва Грузия ўртасидаги ижобий тенденцияларга тўхталди ва МДҲ раҳбарларининг Санкт-Петербург шаҳрида 6-7 июнь кунлари бўлиб ўтадиган норасмий саммити давомида президент Дмитрий Медведевнинг грузиялик ҳамкасби Михаил Саакашвили билан юзма-юз учрашишга розилик берганини таъкидлади.

У айнан шу учрашув Грузия ва Россия ўртасидаги мулоқотнинг бошланишига туртки бўлишига умид қилишини айтди. Бироқ айни пайтда бу мулоқот ўта мушкул бўлишини таъкидлаган Ферреро–Вальднер хоним томонларни муроса қилишга чақирди.

Бир гапида у ЕИ таклиф этаётган бир муроса эҳтимолини ошкор қилгандек бўлди.

“Биз бу ерда у ердаги тинчликпарвар кучлар таркибини ўзгартириш ва МДҲ мамлакатлари кучларини жойлаштириш имкониятларини муҳокама этдик. Улар бунга, албатта, кескин қаршилик билдирди. Лекин улар Грузия Абхазияга нисбатан куч қўлланилмаслиги борасида баёнот қилишини хоҳламоқда”,– деди Бенита Ферреро-Вальднер.

Айни пайтда Европа парламенти Россия Абхазияда ўз ҳарбий ҳозирлигини ошираётгани борасидаги Грузиянинг даъволарини қўллаб-қувватлади.

Европа парламенти томонидан қабул қилинган резолюцияда Россиянинг Абхазиядаги тинчликпарвар кучлари бундан буён нейтрал эмаслиги эътироф этилади ва бу кучларга БМТ томонидан берилган мандат қайта кўриб чиқилиши лозимлиги таъкидланади.