Диктаторнинг кулгиси

Икки ой аввал Зимбабве президенти Роберт Мугабенинг ҳокимиятдаги муддати битгандек эди. Президент сайловининг дастлабки босқичида ўз мухолифи Морган Цвагирайдан мағлуб бўлган 84 ёшли Мугабе гўё кетишга шайланаётганди.
Бироқ мухолифатни янчиб, Цвагирайни ўз номзодини қайтариб олишга мажбур қилган Мугабе халқаро танқидларга қарамай, сайловнинг иккинчи босқичида президент бўлишга ягона номзодга айланди. Унинг бундай ҳаракатларига жавобан халқаро жамоатчиликнинг қўлидан унча ҳам кўп ишлар келавермас экан. Лекин нега?

Роберт Мугабе образини Голливуд киноларининг энг ёвуз қаҳрамони Бэдмендаги Жокер ёки қўлбола одам Франкенштейн билан қиёслашади. Унинг атрофида дўстлар ҳам деярли қолмади.

Жанубий африкалик архиепископ Десмонд Туту “Франкенштейннинг бир кўриниши” номли китобида Мугабенинг озодлик ҳаракати қаҳрамонидан ўз халқини гаровда ушлаб турган монстрга айланиб қолгани ҳақида ёзади.

25 июнь куни узоқ муддат давомида баёнот қилмаган Нельсон Мандела Мугабе ҳокимиятини ҳалокатли муваффақиятсизлик ўлароқ таърифлади.

Халқаро жамоатчилик ҳам жим тураётгани йўқ. БМТ Хавфсизлик кенгаши жума кунга белгиланган президент сайловини бир овоздан қоралади. Бироқ ҳамма ёмон кўрадиган Мугабе ўзининг бугунги вазиятидан лаззат олаётгандай.

“Улар Вашингтондан, Лондондан ва бошқа жойлардан туриб овозлари борича бақиравериши мумкин. Лекин фақат ва фақат бизнинг халқимиз қарор қилади. Бошқа ҳеч ким эмас”,– дейди Р.Мугабе.

Лекин нима учун бутун дунё Мугабени ўз ҳокимиятидан воз кечишга мажбур қила олмайди?

Айни пайтда тарозининг бир палласига Зимбабвега ҳарбийларни киритиш эҳтимоллари қўйилган. Мухолифат раҳбари Морган Цвагирай золим раҳбардан халқни фақатгина БМТ бошқарувидаги ҳарбий кучлар ҳимоя қилиши мумкинлигини таъкидлаб келади. Лекин айнан ҳозир Цвагирайнинг бундай ташаббусига ҳеч ким қўшилмаса керак.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Африка дастурлари раҳбари Томас Каргилнинг фикрича, Афғонистон ва Ироқ ёнаётган бугунги кунда қўшимча ҳарбий амалиётга ҳеч ким пул сарфлашни истамайди.

“БМТ халқаро қонун ва тартибга дахл этаётган ҳукуматга қарши ҳарбий амалиётларни ўтказишга ҳақли ва бу иш БМТнинг қўлидан келади. Лекин, менимча, ҳатто Зимбабведаги ночор вазият ҳам БМТнинг бундай ҳаракатларига арзимайди. Бу йўлдаги тўсиқлардан яна бири Африка халқлари доимо ўз суверенитети учун курашиб келган”, – деди Т.Каргил.

1980 йилда Зимбабве мустақилликка эришганидан кейин мамлакат аҳолиси қолган барча Африка халқларидан яхшироқ яшай бошлади. Ҳозир эса мамлакат аҳолиси дунё бўйича энг абгор ҳаёт тарзини бошдан кечирмоқда. Инфляция даражаси шу қадар юқорики, бир бўлка нонни бу ерда бир неча миллиард Зимбабве долларига сотиб оласиз. Бу мамлакатда 85 фоиз аҳоли ишсиз қолаётир. Шундай шароитда мамлакатда яқин орада инқилоб бўлади, деб ўйлаб қоласиз.

Лекин Томас Каргил фикрича, шароит инқилобни ҳам кўтара олмайдиган бўлиб қолган.

“Одамларда ҳеч нарса бўлмаса-ю, улар ҳар кунлик овқатини бир амаллаб топиб еяётган бўлса, бундай одамларнинг аслида йўқотадиган нарсаси кўпроқ бўлади. Уларнинг бутун хаёли тирикчилик бўлиб қолади”,– деди Томас Каргил.

Шунинг учун ҳам бугунги воқеликдан келиб чиқсак, Зимбабведа 27 июнга белгиланган сайловни ўтказишга ҳам, Мугабенинг яна президент бўлиб қолишига ҳам ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди.