Ўзбекистон Қозоғистонга сув беришни деярли тўхтатди

Ўзбекистон тарафи Қозоғистондаги “Дўстиқ” каналига сув беришни қарийб тўхтатиб қўйди.

Ўзбек-қозоқ давлат чегарасидаги “Дўстиқ” каналига 8 июлдан бошлаб секундига 20 куб метр сув берилмоқда. Ваҳоланки, ўзаро келишувга кўра, сониясига 80 куб метр сув берилиши лозим эди.

“Югводхоз” давлат коммунал корхонаси сувдан фойдаланиш бўлими бошлиғи Айгул Умарованинг айтишича, каналда сув шунчалик камайиб кетганки, уни умуман ёпилди, дейиш жоизроқ бўлади.

“Ўзбекистон вакиллари бизга президент Каримовнинг буйруғига мувофиқ қозоғистонликларга сув берилмаслигини айтди”,- деди Айгул Умарова.

“Дўстиқ” канали Жанубий Қозоғистон вилоятининг пахта экилувчи Мақтаорол туманидаги барча суғорилувчи майдонларга сув етказиб беради.