Прокурор таъкидича, Судан президенти Дарфур минтақасида араб жангарилари томонидан содир этилгани айтилаётган хунрезликлар учун масъул шахсдир.
“Инсониятга қарши жиноят содир этиш қарорини Умар ал-Башир шахсан ўзи қабул қилган. 2003 йил мартида ал-Башир Фур, Масалит ва Загхавадаги қабилаларни қисман йўқ қилишга қарор қилган”,- деди прокурор.
Маълум бўлишича, араб жангарилари томонидан содир этилган ҳужумларда юз минглаб одам нобуд бўлиб, миллиондан зиёд фуқаро турар жойларини тарк этишга мажбур бўлган. Шунингдек, Халқаро жиноят ишлари судида прокурор Умар ал-Баширнинг мол-мулки мусодара қилиниб, унга тегишли банк рақами музлатилишини сўради.
БМТ бош котиби Пан Ги Мун Судан президентига айблов эълон қилиниши БМТнинг бу мамлакатдаги миссияси фаолиятига таъсир этмаслиги ва ходимлар хавфсизлиги таъминланишига ишонч билдирди.
Бундан бир кун аввал Суданнинг ҳукмрон Миллий конгресс партияси халқаро суд президентга ал-Баширга айблов эълон қилса, Дарфур минтақаси “яна зўравонликлар ва қонга” чўмишидан огоҳлантирганди.