Грузия Совет Иттифоқига алвидо айтди

Грузия собиқ совет давлатларини бирлаштириб турган МДҲдан чиқиб кетди. Минглаб ватандошлари олдида бу ҳақда эълон қилинган президент Михаил Саакашвили ушбу қарор Грузиянинг Совет Иттифоқига айтилган сўнгги алвидоси эканини таъкидлади.
М.Саакашвили МДҲни Грузиядаги ҳалокатнинг олдини олишга қодир бўлмаган, таназзулга учраган ташкилот, деб атади ва бошқа республикаларни ҳам Россия манфаатлари учун хизмат қилаётган ушбу тузилмани тарк этишга чақирди.

Таҳлилчилар фикрича, Кавказдаги қонли можаро ҳақиқатан ҳам МДҲнинг ноқобил ташкилот эканини яна бир бор исботлаган бўлса, уни тарк этишга бошқа давлатлар шошилмаётир, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари ҳам.

Сешанба куни Грузиянинг МДҲ таркибидан чиқиб кетгани ҳақида эълон қилиш учун президент Михаил Саакашвили ҳукумат биносини эмас, минглаб одамлар йиғилган майдонни танлади. Ўз гапини у Грузияда яшаётган барча миллат ва элатларга миннатдорлик билдиришдан бошлади.

“Парламент раиси билан маслаҳатлашувдан сўнг биз Грузиянинг МДҲ таркибидан чиқиб кетаётгани ҳақида эълон қилишга қарор қилдик. Бизнинг давлатимизга қарши зарбаларни Совет Иттифоқини тикламоқчи бўлаётган одамлар уюштирди. Грузия МДҲни тарк этар экан, Совет Иттифоқига алвидо дейди”,– дея баёнот қилди Грузия раҳбари.

Михаил Саакашвили Украина ва МДҲга аъзо бошқа давлатларни ҳам бу ташкилотни тарк этишга чақирар экан, МДҲни тарк этишга кейинги даъвогар айнан Украина бўлиши айтилаётир.

“Иккала давлатнинг бундай хатти-ҳаракати табиий жараёнлар тақозосидир,– дейди “Озодлик” таҳлилчиси Брюс Панниер. - Грузиянинг нуқтаи назаридан келиб чиқсак, унинг ўзига ҳужум қилган давлат етакчилигидаги сиёсий тузилмада қолиши мутлақо ўринсиздир. Шунинг учун унинг МДҲдан чиқиб кетиши табиий бир қарор. Бир кун келиб Ғарб давлатлари билан чегарадош Украина ҳам МДҲдан чиқиб кетишга қарор қилиши мумкин”.

Мамлакатларнинг геосиёсий жойлашуви тақозоси билан ҳам Грузия, ҳам Украина МДҲ таркибидан ташқарида Ғарб давлатлари билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаши мумкин. Бироқ Россиядан муқобил ҳамкорларга чиқиш имконияти чекланган бошқа аксар постсовет республикалар Грузия–Россия можароси давомида кўпроқ Россияга ён босиб, ўзларининг МДҲдан чиқиб кетишни кўзламаётганини кўрсатди.

Шундай бўлса ҳам, Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг айтишича, Грузиянинг МДҲдан чиқиб кетиши шундоқ ҳам суст ташкилотга навбатдаги зарбани берди.

“Ҳақиқатан ҳам МДҲнинг пойдеворига катта зарба бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўйлашимча, Грузиянинг мана шундай хатти-ҳаракатлари МДҲни янада заифлаштиради. Бу аслида инқирозга учраган ташкилот эди. Унинг пойдевори мустаҳкам эмаслиги, жиддий интеграция тизимига амал қила олмаслиги бошиданоқ маълум эди. Энди эса Грузиянинг мана шундай қарори МДҲнинг инқирози энг юқори даражага кўтарилганидан далолат беради”,- Ф.Толипов.

Таҳлилчилар фикрича, Россиянинг собиқ совет республикалари устидан етакчилигини сақлаб қолиш учун ташкил этилган МДҲ доирасида кичикроқ республикалар кўп бўлмаса ҳам ўз манфаатларини кўради.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова Грузиянинг МДҲни тарк этиши ташкилот учун катта муаммолар туғдирмайди, деган фикрда.

“МДҲ ташкил этилган дастлабки йилларда мавжуд бўлган сиёсий мажбурлаш ҳозирга келиб йўқ бўлди. Чунки ўтган давр мобайнида давлатлар ўзгарди ва Россиядан мустақилроқ бўлди. МДҲ аъзолари ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Россияни қўллаб-қувватлаётган ёки уни қоралаётган давлатларга бўлиниб қолишни истамайди”,- дейди С.Шерматова.

Грузиянинг МДҲдан чиқиб кетиши қолган давлатларнинг можаро давомида фақатгина сусткашлик қилгани билан изоҳланмайди. Грузия ўзини келажакда Европа Иттифоқи ва АҚШнинг яқин ҳамкори ҳамда НАТОнинг аъзоси сифатида кўради. Бироқ Фарҳод Толиповнинг айтишича, ўзи учун бундай келажакни кўрмаётган қолган давлатларнинг МДҲни тарк этишга қурби етмайди.

“Грузия билан Украина Европага бевосита қўшилиб бўлган давлатлар бўлиб, улар қайсидир маънода ташқи сиëсий мўлжалини аниқ белгилаб олиши мумкин. МО давлатларига, хусусан, Ўзбекистонга келсак, уларнинг геосиëсий омиллари, тарихий чегараланиши ҳам мана шундай йўл тутиш мумкин эмаслигидан далолат беради. Яъни улар қайсидир маънода сиқилиб қолган минтақа бўлиб, жиддий, аниқ ташқи стратегик йўналишни белгилаб олганича йўқ. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг чиқиб кетишга қурби етмайди ва бошқа алтернативлар ҳам йўқ”,- деди Ф.Толипов.

1991 йилда СССР парчаланиб кетгандан сўнг тузилган МДҲ сафи бир давлатга камайди. Унинг таркибига Россия, Украина, Молдова, Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Марказий Осиёнинг беш давлатидан сўнг охирги бўлиб қўшилган Грузия Совет Иттифоқига алвидо, дея уни тарк этди.