Айирмачи ўлкалар яқин келажакда қандай яшайди?

Россиянинг Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олиши иккала ўлканинг сўнгги мақомини белгиловчи омил бўлса ҳам уларнинг мустақил давлат сифатидаги ривожланишини тасаввур қилиб кўриш мумкин.
Абхазия қишлоқ хўжалиги ва туризмни ривожлантириш имкониятига эга. Абхазларнинг Туркиядаги катта диаспораси эса бу минтақага керакли сармоялар жалб қилиши мумкин. Айни пайтда Жанубий Осетиянинг мустақил давлат сифатида ривожланиш имкониятлари анча чекланган.

Россия президенти Дмитрий Медведев мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига Абхазия ва Жанубий Осетия билан дўстлик, ҳамкорлик ва ёрдам ҳақидаги келишувларни тайёрлаш вазифасини юклатди. Бироқ эртами-кеч бу икки ўлканинг Россия таркибига кириши деярли ҳал бўлган масаладир.

Буни Жанубий Осетиянинг де факто президенти Эдуард Кокойтининг 20 май куни қилган баёнотидан ҳам билиш мумкин.

“Жанубий Осетиянинг асосий мақсади Россия таркибидаги Шимолий Осетия билан бирлашишдир. Биз буни ҳеч қачон сир тутмаганмиз”,- деганди Эдуард Кокойти.

Шимоий Осетия президенти Теймураз Мансуров ҳам иккала Осетиянинг бир давлат таркибига бирлашувини тарихий адолатнинг тикланиши сифатида баҳолаган эди. Ўтган ҳафтада Жанубий Осетиядаги можародан кейинги иқтисодий вазиятни ўнглаш учун Дмитрий Козакнинг ривожланиш вазири этиб тайинланиши Москванинг бу минтақа устидан ўз ҳукмронликни сақлаб қолишига йўналтирилган.

Россия Федерацияси конституцияси ҳам икки томон розилиги билан мамлакат ҳудудини кенгайтиришга имконият беради. Ҳозирнинг ўзида иккала ўлка аҳолисининг кўпчилигига Россия паспортлари берилди. Жорий йил бошидан буён Абхазия ўз паспортларини ҳам чиқара бошлагани унчалик аҳамиятга эга эмас.

Президент Медведев Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлатлар сифатида эътироф этиш тўғрисидаги қарорга имзо қўйганидан бир неча соат ўтгач, Россия Давлат думасининг МДҲ масалари қўмитаси раиси Алексей Островский “Эхо Москви” радиосига Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолиси истак билдирса, уларнинг Россия таркибига киришини инкор этмаслиги ҳақида гапирди.

Айни пайтда Абхазияни ўз ҳудудига қўшиб олиш йўлида Москва каттароқ муаммоларга дуч келиши мумкин. Чунки минтақанинг де факто президенти Сергей Багапш ўзини бутунлай Абхазия мустақиллиги учун бағишган бир инсондир. Айни пайтда вице президент Раул Хажимба ва мухолифатдаги “Аруаа” ҳаракати Россия таркибига қўшилишга мойиллик кўрсатиб келади.